Аламданми, ё иродам бўшлик қилдими, шу кеча ичкиликни меъёридан ошириб юбордим. Қачон ухлашга ётганимни ҳам, Марияга нималар деганимни ҳам эслай олмайман. Фақат нафасим бўғилишидан уйғониб кетдим…
Не кўз билан кўрайки, Мария мени бўйнимга сим бойлаб олганча нуқул бўғарди.
— Ҳой Қоратўри! — дея дағдаға қиларди у бўғишда давом этаркан. — Меники бўлмадингми, энди тамомсан! Сени ўз қўлларим билан ўлдираман! Ҳа, ўлдираман!..
Мен жонҳолатда унинг билакларига чанг солиб куч билан полга босдим.
— Ҳали сен шунақамисан? — дея қўлларини қайира бошладим. — Мени ўлдирмоқчи бўлдингми? Шундан бошқа ўйин топа олмадингми?..
— Ўлдир!.. Кучинг етадими ўзи? Эркакмисан? Ўлдир! Нега қараб турибсан?..
Нафрат устун келди. Аёлнинг томоғини чангаллаганча туравердим…
У бир неча сония хириллаб, ниҳоят жим бўлди.
Шу заҳоти юзлари, қовоқлари кўкара бошлади.
— Ўлдириб қўйдим! Мен… Одам ўлдирдим!.. — мен азбаройи жазавага тушганимдан нуқул хонани айланар, ит ҳам ғингшиб кетимдан қолмасди.
— Йўқ… Кетишим керак!.. — дедим ҳийла ўзимни босиб олгач, Мариянинг жасадига ўғринча кўз ташлаб. — Кетмасам бўлмайди!.. Сезиб қолишади! Тутиб олишади!..
Кетишга чоғланарканман, нимадир ёдимга тушгандек, чўнтакларимни пайпасладим.
— Нима? Олтинлар қани?.. Олтин йўқ!..
Чопиб бориб бир четда ётган Мариянинг катмонига ёпишдим. Ҳа, олтиннинг бир қисми катмонда экан. Бундан ташқари, бир даста пул ҳам чиқди.
— Ифлос! — сўкиндим мурда томон боқиб. — Барибир ғалчалигингни қилибсан-да!.. Исқирт! Қанжиқ!..
Бу уйда ортиқ туриб қолиш ноўрин эканини билардим.
Пул ва олтинларни қўйнимга беркитдим-да, итни эргаштирганча ўрмон томон чопа кетдим.
* * *
Биз Шарик билан олдинма-кетин дуч келган томонга чопиб борардик. Қоронғилик ўзини кўрсатиб, чакалаклар ҳаммаёғимни тирмалаб ташлади. Баданимнинг очиқ қолган жойлари қонга бўялди. Аммо тўхтамасдим. Худди биров орқамдан қувлаб келаётган каби фақат олдинга интилардим.
Бир пайт оёғим лойга бота бошлагандек туюлиб таққа тўхтадим. Эгилиб қўлларим билан ерни пайпаслаб кўрдим. Оёқларим остида хашак, қуриган ўт-ўлан билан қопланган ботқоқлик зоҳир эди. Нима қилишни билмай бир муддат қотиб қолдим. Оёғим эса тобора балчиққа ботиб борарди.
Юрагим бесаранжомланиб ўзимни орқага отдим. Хайрият, қирғоқда эканман. Бир амаллаб оёқларимни ботқоқдан тортиб олдим-да, ерга ўтириб қолдим.
Хўш, энди қаерга бораман? Нима қиламан? Ёнимда на овқат, на ичишга сув бор. Аксига олиб шу лаҳзада чанқаганимни чуқурроқ ҳис эта бошлагандим.
Бўшашганча Шарикка қарадим. У мендан сал нарида ҳеч нарса бўлмагандек, жимгина ётар, лекин икки кўзи менда эди.
— Йўқол! — бақирдим беихтиёр. — Нега ястаниб олдинг? Йўқол дедим! Энди менга керагинг йўқ! Тушуняпсанми, сен кетишинг керак! Йўлимиз айро энди! Тур дедим!
Ит турай демасди.
Пайпаслана-пайпаслана ердан кичикроқ хода олиб Шарикка қарата отдим.
Ит вангиллаганча тура солиб қочди.
— Кетимдан бора кўрма! — йўқ, Шарикдай вафодор ҳамроҳдан айрилиш мен учун жуда оғир. Аммо… Иложим қанча? Тақдирим қандай кечишини ёлғиз Худо билади. Ит эса ўзига бошқа хўжайин топади. Албатта топади. Бир кунини кўради…
— Нима қилиб ўтирибман? — даст ўрнимдан туриб қоронғилик қаърида атрофни кузата бошладим. — Йўл бормикан? Ё ҳаммаёқ ботқоқликдангина иборатмикан? Қандай қилиб йўл топаман? Ҳа, тонг отишини кутмасам бўлмайдиганга ўхшайди. ҳарқалай, Мариянинг уйидан узоқлашиб кетганим аниқ. Анча йўл юриб қўйдим-ку!..
Шунда эгнимдаги Мария совға қилган янги пальтога қўлим тегиб, сесканиб кетдим.
Жонҳолатда пальтони ечдим-у, ботқоққа улоқтирдим.
— Ифлос!.. Мен кимларнинг кийимини кийиб олдим ўзи? — ҳайқирдим. — Бундан кўра, шу совуқларда қотиб ўлганим яхши эмасми, Худойим?..
Аламдан ўпкам тўлиб келарди. Ўзим билмаган ҳолда ўкириб-ўкириб йиғладим…
Йиғлай-йиғлай сўзланарканман, ўтмиш умрим кўз олдимдан кино тасмаси каби бирма-бир ўтарди…
Ижарада яшаган кунларим, қурилишдаги ҳаёт, таниш-нотаниш улфатлар билан ўтирган онларим, ва ниҳоят турма… Ана, майор қўлидаги чарм таёғини ўйнатиб мен томон чопиб келяпти. Ортидан хомсемиз назоратчи ҳам эргашиб олибди…
Нима, мени кўриб қолишдими? Қандай қилиб? Ўрмондалигимни ким айтди уларга? Еленами? Наҳотки, сотган бўлса?..
— Йў-ўқ!.. Тутдириб қўядиган аҳмоғинг йўқ, майор!.. Етиб бўпсанлар!.. Ха-ха-ха-ха!..
Боягина йиғлашдан ўзини тиёлмаётган одам энди хандон отиб кулганча ботқоқни айланиб чопа кетдим.
Менга барибир эди. Анавилар тутиб олишмаса бас!.. Шуларнинг таъқибидан қоча олсам, етказмасам бўлди. Майли, мени ботқоқликлар қуршаб олишсин. Шу маразларнинг қўлида хор бўлгандан ботқоқнинг совуқ бағрига ғарқ бўлишни афзал кўрардим.
— Ҳамманг итдан баттарсан! — бақиришда давом этдим. — Ҳали шошма! Худо жазонгни бериб қўяди!..
Қанча югурганимни идрок этмадим. Оёқларим остида чакалаклар, шох-шабба эмас, қуруқ асфальтни ҳис этиб таққа тўхтадим…
Ҳа, мен ўрмоннинг бошқа бир четидаги катта бир асфальт йўлда турардим.
Шундагина ҳушим ўзимга келиб, ўрмондаги қичқиришларим, беҳуда жазавага тушганимдан афсусланиб кетдим.
* * *
Хўш, энди нима қиламан? Қай томонга юрай? Наҳотки, бирор машина учрамаса? Бунчалар сокин ва шубҳали бу йўл?..
Майли, пиёда бўлсаям кетавераман. Ажаб эмаски шаҳарга етиб олсам.
Мен кетишга чоғландим. Ва эҳтиёт шарт ҳозиргина ўзим чиқиб келган ўрмон ичкарисига ўгирилдим.
Не кўз билан кўрайки, Шарик думини ликиллатганча мен томон қараб турарди. Чамаси, у менинг чақиришимни кутарди.
— Йўқол! — гарчи юрак-юрагимдан уни яхши кўрсам-да, меҳрим тушиб қолган бу жонивордан айрилишни истамасам-да, ўзимни мажбурлаб бақирдим унга. — Кет дедим! Бизнинг йўлимиз бошқа! Бор ўзингга бошқа хўжайин топ!
Бироқ ит ўрнидан жилай демасди.
Эгилиб ердан катта бир тош топдим-у, Шарикка қараб ирғитдим. У худди кетадигандек, ўзини бир-икки метр орқага олди.
— Э, намунча қайсар бўлмаса бу ит? — дея қўл силтаганча йўлга тушдим. — Қани, кўрамиз, қаергача бораркансан…
Йўл-йўлакай сўзлана-сўзлана кета бошладим. Ит ҳам мендан ўн-ўн беш метр орқада кетиб борарди.
Тахминан беш чақиримча йўл юргач, темир йўлга дуч келдим. Мендан бир чақиримча нарида кичик бир станция бор экан. Хурсанд бўлиб кетдим.
"Қанийди бирор поезд шу станцияда тўхтаса-ю, чиқиб олсам! — ўйлардим станция томон юрарканман. — Шу йўл билан тинчгина шаҳарга етиб олсам бўлади. Ит ҳам орқамдан эргашиб юрмасди…”
Мени ва орқамдан келаётган итни кўрган станция қоровули ҳушёр тортиб ўрнидан турди ва яқинлашишимни кута бошлади.
— Ким бўласан? Тўхта! — чамаси олтмиш ёшлар атрофидаги узун бўйли қоровул яқин боришимга ўн қадамча қолганда қўлидаги милтиқни менга тўғрилаб бақирди.
Тўхтадим.
— Кимсан? — сўради у.
— Мен адашиб қолдим. — икки қўлимни кўтариб жавоб қилдим. — Шаҳарга борадиган йўлни топа олмай қийналяпман.
— У-чи? — итга ишора қилди қоровул.
— Э, менинг овчи итим. Шунча ҳайдасам ҳам қайсарлик қилиб орқамдан эргашиб келяпти. Илтимос, ота, мени шаҳарга кетадиган бирор поездга ўтқазиб юборсангиз!
— Пулинг борми ўзи? — сўради қоровул бош ва кўрсаткич бармоғини бир-бирига ишқалаб.
— Бор, — мен шоша-пиша қўйнимга қўл солиб икки-учта ўнталикни унга узатдим. — Мана, олинг!
— Бу бошқа гап. — шундан кейингина қария милтиқни тушириб, менга яқин келди ва пулни олди.
Шарик эса қоровул ёмонлик қилмоқчи деб ўйладими, унга қараб ириллай бошлади.
— Ҳой бола, итингни ол! — қайтадан милтиғини қўлга олди қария. — Қара, менга ташланмоқчи! Отиб ташлайман!..
— Бу ит беозор, — уни тинчлантирдим ва Шарикка юзланиб кўрсаткич бармоғимни силкитиб дўқлаган бўлдим. — Сизни танимагани учун шундай қиляпти, холос.
— Қамалиб чиққанмисан? — кутилмаган саволни эшитиб, бир муддат каловланиб қолдим.
— Й-йўқ. — дея олдим зўрға.
— Ёлғон гапирма. — эгнимдаги кийимга, юз-кўзларимга назар ташлаб олгач, бош чайқади. — Мен ёлғон гапирганларни ёмон кўраман. Ана, туришинг айтиб турибди кимлигингни!
— Очиғи, топдингиз. — сездимки, бу қарияни чалғитиб бўлмайди. Жуда синчков ва ҳаётда тажрибаси кўплигини чақнаб турган кўзлари исботлаб турарди. — Яқиндагина қамоқдан чиқдим. Фақат… Борадиган жойимнинг тайини бўлмагани учун…
— Тушундим, — деди қария. — Буёғини айтмасанг ҳам яхши биламан. Хў-ўш… Поездга берадиган пулинг борми ўзи?
— Бор, етади.
— Сени йўловчи поездига ўтқазиб юбораман. Фақат битта поезд бизнинг станцияда бир дақиқага тўхтаб ўтади. «Проводник»минан чиқишиб олсанг, марра сеники.
— Раҳмат, ота! — дедим бош эгиб. — Бу яхшилигингизни ҳеч қачон унутмайман.
— Тўхта, хўп, шаҳарга бординг ҳам дейлик. Ҳеч киминг бўлмаса, қаерда яшайсан?
— Билмадим… Худо йўл берар.
— Балки меникида яшаб турарсан? Мен ҳам шаҳарда тураман. Бир ўзим яшайман.
— Йўқ, ота, қиладиган ишларим бор. Поездга чиқариб юборсангиз ҳам катта гап.
— Ўзинг биласан. — елка қисди қоровул. — Айтдим-қўйдим-да!..
— Ота, — дедим Шарикка ишора қилиб. — Шу итни олиб қолсангиз…
— Кўрармиз. Агар поезднинг ортидан қувлаб кетмаса… Сендан ажралишни хоҳламаётгани сезилиб турибди…
Индамадим. Билардимки, қария итни поездга чиқишга қўймайди. Демак, уни асраб олиши мумкин…
Орадан ярим соатча ўтиб, у айтган поезд етиб келди. Тўхтагани ҳамоно қоровул мени олдинги вагонлардан бири эшигига олиб борди. Кузатувчиси таниш экан. Ҳаш-паш дегунча мен вагон ичкарисидан жой олдим. Поезд ўрнидан қўзғалгач, хавотирим ортиб ойнадан ташқарига боқдим…
Кутилганидек, Шарик жонҳолатда поездни ёнлаб чопар, тез-тез мен ўтирган вагон томон қараб оларди.
Унинг интилиши кўриб ичимда нимадир узилиб кетгандек бўлди. Пешонамни совуқ тер босди.
Худди энг яқин кишисидан айрилиб, ёлғиз қолган одам каби кўзларимга ёш келди.
— Қисматим қурсин, — вужудим титраб сўзланардим мен ортимга қайтиб кўрпачасиз ўриндиққа ўтирарканман. — Шу итгина менга меҳрибон эди. Очликдан асраб қолган ҳам шу бўлганди. Не қилайки, ундан айро яшашга маҳкумман… Ишқилиб, ёмонлар қўлига тушиб қолмасин!..
Шу орада ёши олтмишларга бориб қолган, сочлари оппоқ, соқол қўйиб олган поезд кузатувчиси ёнимга келиб ўтирди.
Вагонда йўловчилар деярли саноқли эди. Зерикканми, ё шунчаки қизиқибми, мени гапга тутди.
— Қайларга йўл тутдинг, бўтам?
— Менинг йўлим олис, ота. — дедим оғир хўрсиниш қилиб.
— Мишанинг танишимисан?
Аввалига кимни назарда тутаётганини англай олмадим.
— Миша дедингизми? — сўрадим эҳтиёткорлик билан.
— Ҳа, қоровулни айтаяпман.
— Қариями?.. Йўқ, станцияда танишиб қолдик.
— Шунақами? Яхши-и… Биласанми, ўтган сменамда бир қаллоб йигит вагонимга чиқиб қолди. Турмадан қочганмиш. Тавба, турмалардаям интизом сусайиб кетганми дейман? Кейинги вақтда жуда кўпчилик қочиб кетаётганмиш.
— Билмадим. — елка қисдим кузатувчига ер остидан ўғринча боқиб. — Ундайлар менга дуч келганича йўқ.
— Дуч келмасин ҳам. Ишонасанми, манзилга етгач, менга дўқ уриб йўл ҳақини тўламасдан тушиб кетди ярамас.
— Унақалардан кутса бўлади, ота.
— Ўғлим, — қария ҳамон суҳбатни чўзишга уринарди. — Менга айт-чи, нега «турмада ўтирибди» дейишади? Нима учун ётибди дейишмайди.
— Билмадим. Сира қизиқиб кўрмаган эканман. Тўхтанг, нега менга турма ҳақида гапириб қолдингиз? Ё шубҳа қиляпсизми?
— Йўғ-э, ўлибманми шубҳа қилиб?!. Шунчаки… Ўша қаллоб эсимга тушиб кетди-да!.. Хўш, билмайсанми сабабини?
Бош силкиб «йўқ» ишорасини қилдим.
— Билмасанг, билиб қўй. Керак бўлиб қолиши мумкин. Хуллас, оқ пошшолардан бири дастлаб турма ташкил қилганда, камералари бир киши сиғадиган катталикда бўлган экан. У ерда фақат тик туриш, чўнқайиб ўтириш мумкин бўлган. Шу сабабли «турмада ўтирибди, ўтириб чиқди» каби ибораларни ишлатишган. Ҳозирги камералар кейинчалик, советлар даврида қурилган.
— Шунақа денг? Ўзингиз ҳам ўтириб чиққанмисиз дейман?
Қария уф тортиб олди-да, бош ирғаб қўйди.
— Ҳа энди… Бўлган шунақаси… Ўзинг-чи?.. Нима иш қиласан?
— Менми? Қўлимдан ҳамма иш келади.
— Устамисан?
— Шунақа десаям бўлади.
— Ниманидир яширяпсан сен бола. — деди қария менга маъноли боқиб. — Ўтириб чиққансан-ов!..
— Бу нима деганингиз? — сал рангим оқаринқираб кўзимни олиб қочдим.
— Мени алдайман дема. Ер тагида илон қимирласа биламан.
Индамадим. Худди қариянинг гапини эшитмагандек ойнадан ташқарини томоша қила бошладим.
— Хўп, — деди ниҳоят кузатувчи ўрнидан қўзғалиб. — Манзилинггача ҳали анча бор. Дамингни ол! Фақат йўл ҳақини бериш эсингдан чиқмасин!
Қария хонасига кетгандан сўнг анчагача мижжа қоқмадим.
Унинг сўнгги шаъмаси юрагимда шубҳа уйғотиб, баттар хавотирим ошиб борарди.
***
Тонгга яқин кимнингдир қаттиқ турткисидан уйғониб кетдим. Кузатувчи экан.
— Тур, етдинг манзилга! — деди у сал дағалроқ оҳангда. — Қани, йўл ҳақини чўзиб қўй!
Шоша-пиша чўнтагимдан пул чиқариб унга тутқаздим-да, пальтомни эгнимга илиб пастга тушдим.
Шаҳардан четроқда жойлашган бу вокзалда йўловчилар жуда кам эди. Бурчак-бурчакларда икки-уч кишилашиб поезд кутаётганларнигина учратдим.
Хўш, энди қаерга бораман? Ҳадемай, тонг буткул ёришади. Худо кўрсатмасин, турма шу шаҳарда бўлиб чиқса-ю, кимдир мени таниб қолса-чи? Йўқ, яхшиси, одамлар кўп йиғилган жойларга бораман. Шундай жойлар ҳар ҳолда хавфсизроқ. Биров бировни кузатиб ўтирмайди.
Вокзални айланиб ўтиб, катта йўл бўйига чиқиб олдим ва таваккал олдинга қараб кета бошладим.
Чамаси, икки чақиримча йўл босганимдан сўнг нон дўконини кўриб қолдим. Қорним оч эди. Битта нон сотиб олиш илинжида дўкон ичкарисига кирдим. Паст бўйли, дўмбоққина, йигирма-йигирма беш ёшлар оралиғидаги қиз буғи чиқиб турган бўлка нон солинган халтачасини билагига илганча ташқарига чиқаётган экан. Эшик олдида менга урилиб кетди.
Шошиб қолдим. Дарров эгилиб, қўлидан тушиб кетган нон солинган халтачани ердан кўтариб олдим-да, худди айб иш қилиб қўйган боладек шивирлаб узр сўрадим.
— Кечиринг, билмай қолдим!..
Қиз менга нафрат аралаш боқиб, қўлимдаги халтачани зарда билан тортиб олди ва кетиш асносида овоз чиқариб сўкинди:
— Кўзингга қарасанг, ўласанми, келгинди?.. Башаранг қурсин, ифлос!..
Қизга жавобан ҳеч нима деёлмасдим. Ҳақоратлардан дилим оғриган бўлса-да, тилимни тишлаганча дўконга кириб кетдим.
* * *
Энг асосийси, мелисаларнинг назарига тушмасам бас. Нонни кавшай-кавшай шаҳар марказига етиб олдим. Тонг ҳам ёришиб, кўчаларда, йўлакларда ўткинчилар кўпайган, ҳаммаёқни машина, автобуслар шовқини тутганди. Ҳаво эса барибир совуқ. Изғирин этни жунжиктириб, пальтога қаттиқроқ ўралишга мажбур этарди.
Шу кўйи кунни шаҳар айланиб ўтказдим. Ҳеч кимда шубҳа уйғотмадим чоғи, ошхоналарда бемалол овқатлана олдим. Дўконларни томоша қилиб, ўзимга иссиқ жемпр ҳам сотиб олдим.
Афсус, кеч тушиб, шаҳар кўчаларини симёғочлардаги ранг-баранг чироқлар ёрита бошлади.
Энди қаерга бораман? Қаерда тунайман? Меҳмонхонага кира олмайман. Ҳужжатим йўқ. Қолаверса, қўрқаман. Ким қаерда ижарага одам қўяди?..
Шундай хаёллар гирдобида қандайдир нотаниш кўчага кириб қолибман. Кўча юзида қиз-жувонлар тўп-тўп бўлиб олганча туришарди. Баъзилари шимда, баъзиларининг кийими калта бўлиб, оппоқ сонлари ўзини кўз-кўз қилиб турарди.
"Наҳотки, суюқоёқлар орасига келиб қолган бўлсам? — кўнглимдан ўтказдим мен. — Ҳа, аниқ ўшалар. Бундайларни Нина холаникида яшаб юрган пайтларимда ҳам кўп кўрганман…”
Шу тобда хаёлимга бир фикр келиб қолди.
— Бирор суюқоёқникига кириб тунасам-чи? Ҳам тунда кўчада қолмайман, ҳам…
Шундай хаёллар билан суюқоёқларга яқинроқ бордим.
Кутдиришмади. Четда турган паст бўйлиси югурганча олдимга келди.
— Сен?..
Не кўз билан кўрайки, қаршимда эрталаб нон дўкони ёнида менга урилиб кетган қиз турарди.
Олдинига нима дейишни билмадим. Хижолат тортган кўйи ерга боқдим.
— Нега жим бўп қолдинг? — қизнинг ўзи мени гапиришга ундарди. — Майли, тонгдаги воқеани унут! Мен ҳам аллақачон эсдан чиқарганман.
— Раҳмат! — дедим қизга жилмайиш қилиб.
— Хўш, дам оламизми?
— Албатта. Бироқ… Жойим йўқ.
Қиз кулиб юборди ва баттарроқ сузилди.
— Сендан жой сўрамадим-ку!.. Меникига борамиз. Тун бўйими, ё бир-икки соатгами?
— Тун бўйи. — жавоб қилдим лабимни тишлаб.
— Яхши, эллик сўм берасан.
Мени ҳозир пул қизиқтирмасди. Манави совуқдан ҳимоя этадиган уй бўлса бас. Бу қизнинг бағрида ётмасам ҳам майли. Фақат тинч, хотиржам тунаш насиб этса бўлди эди.
— Розиман, — дедим дангал. — Кетдикми?
— Пулинг борми ўзи? — сал ишонқирамай сўради қиз.
— Пулим бўлмаса бу ерга келмасдим. — дедим мен ҳам ундан баландроқ келиб. — Бошлайқол тезроқ!
— Хўп, кетдик. Фақат айтиб қўяй, таксида олиб кетасиз!..
Қизнинг бирданига «сиз»лашга ўтгани кўнглимни бўшатиб юборди ва уни маҳкам қучиб катта йўлдан ғиз-ғиз ўтиб турган машиналарга қўл кўтара бошладим.
* * *
Йўл-йўлакай танишдик. Қизнинг исми Тамара экан. Ўн беш ёшида ота-онаси автофалокатга йўлиққач, тирикчилик ўтказиш мақсадида ёмон йўлларга кирибди.
Ярим соатда Тамара яшайдиган квартирага етиб келдик. Квартира икки хонали, деярли жиҳозланмаган. Лекин озода эди.
— Тез ваннахонага кириб чўмилиб чиқ! — деди Тамара буйруқ оҳангида. — Унгача мен тухум қовуриб тураман.
Ваннахонада чўмиларканман, миямда «Қанийди мана шу уйда узоқ вақт яшаб қолсам!» деган ўй ғужғон ўйнарди.
"Ё таваккал айтиб кўрсаммикан? — ўйлардим ўзимча. — Нима қипти? Пулини тўласам бўлди-да! Кўнмаса-чи? Унда нима қиламан? Эртага бошқа бир суюқоёқни илинтираманми? Бир жиҳатдан яхши. Чўнтакда пул қаппайиб тургандан кейин менинг ўрнимда бошқа бўлса ҳам шундай йўл тутарди. Айш қиларди, ялло қиларди. Барибир бир кун мелисаларнинг қўлига тушишини, қайтадан турма азобига гирифтор бўлишини биларди. ҳа, Мен ҳам худди шундай қиламан. Башарти кўнмаса, бошқасини топаман-у, яшаб юравераман.
Ваннахонадан чиққанимда Тамара аллақачон дастурхон тузаб қўйган, ўзи эса балконда турганча сигарет чекарди.
У мени кўрди-ю, сигаретини кулдонда қолдириб ошхонага кирди.
— Намунча девдайсан? — кулиб сўради у менинг бўй-бастимга ҳайрат аралаш боқаркан. — Одам шунчалик ҳам новча бўладими?
— Сенга ёқмайдими новчалар? — секин қизга яқин бордим-да, бўйнидан қучиб ўзимга тортдим.
— Йўқ, олдин овқатланишинг керак. — ўзини нари тортди Тамара. — Акс ҳолда…
— Буёғини айтмасанг ҳам ўзим яхши биламан. — дедим унга маъноли кўз қисиб. — Лекин билиб қўй, мен жуда ёмонман.
— Вой-вой-вой… Мақтаниши қаранглар… Сендақа ёмонларнинг кўпини кўрганман, йигит!.. Хўш, қорнинг тўйдими?
— Тўйди. — чойдан ҳўплаб ўрнимдан туришга чоғландим.
— Шошилма, — билагимдан маҳкам тутиб олди Тамара. — Олдин ҳақини чўзиб қўй. Ана ундан кейин турасан.
— Уф-ф!.. ҳамманг бир гўрсан-а! Хўш, қанча бўлади ўзи?
— Эсингдан чиқдими? Айтдим-ку ўша ёқда. Эллик бўлади, эллик!..
Мен чўнтагимни ковлаб бир дона элликталик чиқардим.
— Ма, ол!..
— Мана бу бошқа гап. Ҳамма эркак ҳам сендақанги дангалчи бўлсайди.
— Нима, бошқалар олдин бериб қўймайдими?
— Э, ўлиб кетсин унақалар!.. — деди Тамара ўнг кафтимни юзига босиб. — Сени учратганим яхши бўлди.
Биз қўлтиқлашганча ётоққа кирдик.
Тўғрисини айтсам, Тамара Мариядан буткул фарқ қиларди. Ундан анқиган атир-упа ҳиди мени эритиб борар, бўсалар олиб, гулдек баданини сийпалаб тўймасдим…
(давоми бор) Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|