Ҳарқалай, тутган йўлим иш берди. ҳеч ким Елена ҳақида лом-мим демади. Барча гувоҳлар турма бошлиғига, тезкор гуруҳ аъзолари-ю, прокуратура вакилига фақат мени қотил сифатида кўрсатишди.
Биринчи бўлиб мени турма назоратчилари қўлларимни кишанлаган ҳолда навбатчилик қисмига олиб киришди. У ердаги заҳил юзли майор ҳам менга таниш эди. Турмага олиб келишганда, илк бор ўшандан «улуш» олганман.
— Тағин шуми? — бақирди у назоратчиларга «чиқавер» ишорасини қилиб. — Ҳали келиб-келиб бизнинг ҳамкасбни ўлдиришга журъат этдингми? Сен-а? Вей, энди тамомсан! Яқинларинг ўлигингниям топа олишмайди!..
— Менинг яқинларим йўқ. — дедим бепарволик билан. — Энди менга барибир!
Майор бу гапимни эшитгач, ўн чандон тутоқди. Муштларини тугиб рўпарамга келди-да, қулочкашлаб ўнг чаккам аралаш мушт туширди.
Мен хонанинг нариги бурчагига учиб кетдим. Тишларим синди шекилли. Оғзимдан лахта қон кела бошлади. Аммо майор менинг аҳволимга қараб ўтирадиган ҳолатда эмасди. Тепамга яқинлашиб дуч келган еримга тепа кетди.
— Майор, бу нима қилганингиз? — ғужанак бўлиб олганча ҳуш-беҳуш ётардим-у, қулоғимга кимнингдир дағал товуши аниқ кириб турарди. Шу товуш келган заҳоти майор мени тепкилашдан тўхтаб нари кетди.
Жоним сал ором олган кўйи чуқур-чуқур нафас олишга уриндим. Афсуски, ич-ичимда пайдо бўлган кучли оғриқлар нафас олишга йўл бермасди.
— Ақлдан оздингизми? — ўшқирди овоз эгаси. — Ким сизга маҳбусни калтаклашга изн берди?
— Ўртоқ подполковник, — ўзини оқлай кетди майор. — Вадимнинг бошига етган мана шу ярамас бўлади, ахир!
— Хўш, шунинг учун калтаклаш керакмиди? Тез ўзига келтириб менинг кабинетимга олиб киринг!
— Хўп бўлади!
Майор қўлтиғимдан тутиб мени турғазишга тутинди.
* * *
— Бу туролмайди-ёв! — деди бир менга, бир подполковникка боқиб майор.
— Ҳе сизларга ишонганнинг уйи куйсин! — подполковник қўл силтаб ташқарига юрди. — Врачни чақиринг! Олиб кетишсин!
Кўз очиб юмгунча санитарлар юз-кўзларимдаги қонларни артиб, Еленанинг хонасига олиб киришди.
Унинг ўзи йўқ эди. Ўрнига ўрта ёшли, қорачадан келган бир эркак беморларни даволаётган экан. Дарҳол яраларимга дори суртди. Иситмамни, қон босимимни ўлчаб, юрагимни эшитиб кўрди. Шундан сўнг укол қилиб, устимни юпқа чойшаб билан ёпиб қўйди.
— Омадсиз йигит экансан, ука!
Орадан бир соатча вақт ўтиб кўзларимни очганимда шу ерда супур-сидир қилиб юрадиган олтмиш ёшлар оралиғидаги маҳбус тепамда ўтириб, ачиниш билан мени кузатарди.
— Нималар қилиб қўйдинг? Умринг хазон бўлади-ку!..
Мен индамадим. Гапириш учун оғиз очишга чоғланганимда, жағимда қаттиқ оғриқ турди. Оғзим қуруқшаб, зўрға ютина олдим холос.
***
Тўрт кун деганда яралар битиб, иситмам ҳам тушди. Қайтадан мустақил ўрнимдан тура оладиган, деярли сувдан иборат ярим коса шўрва, бир бурда қора нонни бемалол қўлимда тутиб ейдиган бўлдим.
Хаёлимда эса ҳануз Еленанинг маҳзун чеҳраси айланар, ўзим эмас, фақат унинг тақдири мени қаттиқ ташвишга солиб, юрагим сиқиларди.
Тушга яқин шифтга тикилганча навбатдаги «мулозамат»ларни кута бошлаганимда, ичкарига ўзим билган турма назоратчиси кириб келди.
У астойдил пол юваётган кекса маҳбусга қараб олгач, тепамга келди.
— Хўш, маҳбус Шарипов, ўрнингдан тура оласанми?
Мен қовоғимни уйиб оҳиста бош ирғадим.
— Унда мен билан юрасан! — деди назоратчи жиддий оҳангда.
— Қ-қаерга? — сўрадим гарчи юрагим карцерга тушишимни сезиб турса-да.
— Адвокат кутяпти сени.
— Н-нега?..
— Вей, намунча суриштираверасан? Бу ерда мен савол бераман, тушундингми?!. Тур тез!
Назоратчи мени ўртаси баланд панжара билан тўсилган махсус хонага олиб кирди. Панжаранинг нариги тарафида чамаси ўттиз ёшлардаги оқ-сариқдан келган, мовий кўз бир аёл сигарет чекиб ўтирарди.
Панжарага яқин келганим ҳамоно аёл қўлидаги сигаретни кулдонга қўйиб ўрнидан турди.
— Ўтиринг!
Мен курсига чўкдим.
— Чекасизми?
— Йўқ.
— Унда ўзимни таништирай. Исми-шарифим Наталья Черникова. Сизнинг адвокатингизман. Сиз-чи?
— Маҳбус Шарипов! — турмага келганимдан бери бу тахлит расмиятчиликларга кўникиб қолганман. Турмада истайсанми-йўқми, керак бўлса юз марталаб ўзингни таништиршга мажбур этишлари мумкин. Бош тортишга ҳаққинг йўқ. Шу заҳоти ё бошингга темир таёқ келиб тушади, ёки карцер билан қўрқита бошлашади.
— Жуда яхши. — деди адвокат аёл қайтадан қўлига сигаретини олиб. — Хўш, нега виждонингизга қарши бордингиз?..
Мен бу саволни тушунмай, адвокатга ҳайрат аралаш боқдим.
— Бу… Нима деганингиз?
— Ахир, сиз ҳеч кимни ўлдирмагансиз. Туҳмат қилишган сизга. Нега ўзингизча қаҳрамонлик қилмоқчи бўляпсиз?
— Қаҳрамонлик қилаётганим йўқ.
— Нега унда ҳақиқатни айтишдан бош тортяпсиз?
— Сиз ҳали мендан ҳеч нарса сўрамадингиз.
— Хўп, сўрадим ҳам дейлик. Илгариги ишни қўйиб турайлик. Охиргиси. Майор Вадим Сергеевни сиз ўлдирдингизми?
— Ҳа.
— Нега? Қандай қилиб?
— У Еленага азоб бераётганди.
— Елена сизга ким бўлади?
— Бунинг сизга аҳамияти йўқ.
— Яхши. Қандай қилиб ўлдирдингиз?
— Полда пичоқ думалаб ётган экан. Ўша билан ўлдирдим.
— Афсуски, пичоқ сопида сизникидан ташқари яна Еленанинг бармоқ излари борлиги аниқланган.
— Бўлса бордир. Пичоқни Елена мендан олдинроқ ишлатган бўлиши мумкин.
— Шарипов, ёлғонни эплай олмас экансиз. Ўйлаб кўринг, мен сизни ҳимоя қилишим керак. Буни сизнинг ёрдамингизсиз амалга ошира олмайман. Нега тушунмайсиз?
— Менга ёрдамнинг кераги йўқ.
— Нима, бир умр турмада ўтириб, қийналишни истайсизми? Бу ерларнинг қанақа жой эканини биласизми?
— Биламан.
— Жуда қўпол ва қайсар одам экансиз.
— Шундай туғилганман.
— Конвой!.. Олиб чиқинг!
Мен бу адвокат аёлнинг қалбида ғалаён зоҳир эканини чуқур ҳис этиб турардим. Ҳа, у астойдил ёрдам беришни, ҳақиқатни рўёбга чиқаришни хоҳлаяпти. Аммо нима қилай? Иложим йўқ. Ўзим ёқтирган аёлни, хаёлимдаги фариштани қамоққа тиқиб қўядиганлардан эмасман. Ундан кўра, ўша жазони фақат ўзим ўташни ихтиёр этаман. Ва бу йўлда ҳеч қачон аҳдимдан қайтмаслигимни ҳам биламан.
Конвой кирди дегунча икки қўлимни орқага қилиб ташқарига йўл олдим.
**
Тун чўкди. «Санчасть»да ҳам соат кечки ўндан сўнг чироқлар ўчириб қўйилади. Ташқарида фақат назоратчиларнинг оёқ товушлари-ю, навбатчилик қисмига эндигина олиб келинган маҳбусларнинг бақир-чақирлари, соқчиларнинг дўқ-пўписалари эшитилади.
Хайрият, муолажаларим тамом бўлди. Худо хоҳласа, эртага камерага қайтаман. Очиғи, камера анча тинч. Маҳбусларнинг турли ҳазил-ҳузулларини эшитасан.
Фақат кавказликка ўхшаган қўрс маҳбусларни ҳисобга олмаса, камеранинг ёмон жойи йўқ. Бу ерда-чи? Кунора ўзини сўймоқчи, осмоқчи бўлган, томирини кесганларни олиб кириб туришади. Ширин уйқуда ётганингда ўшаларнинг ҳайқириқларидан уйғонасан. Уларга қараб юрагинг баттар музлайди. Ўзингни ўшаларнинг ўрнига қўя бошлайсан. Кўрибсанки, тонгга қадар ухлай олмай азобда қоласан…
Бир маҳал кимдир ичкарига кириб хона чироғини ёқди. Мен ҳали кўзимни очиб улгурмай, иккинчи қаватда ётган маҳбус сакраб ўрнидан турди. У мен тенги, айтишларига қараганда, нашафурушлик қилиб қўлга тушган. Шу гал еттинчи марта қамалиши экан. Кечагина хумор тутиб томирини кесиб ташлагач, бу ерга ётқизишганди.
— Сен ётавер, Миша! — чироқни ёққан турма назоратчиси эди. — Шарипов, сен ўрнингдан туриб кийимингни кий!..
— Менми? — назоратчининг совуқ нигоҳлари ўзимга қадалганини кўрдим-у, ўрнимдан қўзғалдим.
— Олдимга туш! — буюрди назоратчи. — Тезроқ бўл! Имиллама!
Турманинг бир жиҳати менга ёққанди. Бу ерда худди милиция бўлими ёки навбатчилик қисмига илк бор қадам қўйган кунингдаги каби конвой, назоратчилар елкангга милтиқ тирашмайди. Қўлларидаги чарм таёқларни ҳисобга олмаса, ҳеч бир қуролсиз тинчгина керакли жойга олиб боришади.
Биз назоратчи билан ним қоронғи йўлак бўйлаб, буткул бошқа тарафга кетиб борардик. Кўз ўнгимда фақат карцер гавдаланар, шу сабабли шошилмасдан қадам ташлардим. Қизиғи, назоратчи ҳам тезлай демасди.
Ниҳоят узун йўлак тамом бўлиб, ўнгга бурилдик. Бу ерда яшил рангли темир эшик бўлиб, қия очиқ эди.
— Деворга ўгирил! — буюрди назоратчи. — Шу ердан қимирлама!
У кўз очиб юмгунча ичкарига кириб чиқди ва яна буюрди:
— Энди ичкарига кир!.. Эсингда бўлсин, сен турма бошлиғи подполковник Рафаэл Николаевич ҳузурига киряпсан. Ўзингни яхши тутгин! Акс ҳолда…
— Хўп бўлади! — назоратчининг сўзини маъқулладим мен. Ва секин ичкарига мўраладим.
Ҳа, бу ўша… Мени майорнинг тепкиларидан асраб қолган одам. Баланд бўйли, юзлари ичига ботган, қорачадан келган подполковник оёқларини чалиштирганча юмшоқ курсида сигарет тутатиб ўтирарди.
"Демак, бу одам турма бошлиғи экан-да!” — хаёлимдан кечирдим мен.
— Киравер! — деди подполковник жойидан қўзғалмай. — Анави ерга ўтир!
Ўтириб, подполковникнинг саволларини кута бошладим.
— Аҳволинг қалай, йигит? — мулойимлик билан сўради у.
Очиғи, муомаласи бироз кўнглимни бўшатгандек бўлди. Турмага келганимдан бери ҳеч бир зобит, ёки соқчи, назоратчиларнинг юмшоқ муносабатини кўрмагандим.
— Яхши. — дедим овозимни пасайтиришга уриниб.
— Буёғига нима қилмоқчисан?
— Б-билмадим, — дедим тутилиб. — Пешонамга ёзилгани…
— Пешонангга нималар ёзилганини биласанми?
— Биламан.
— Билармиш. — подполковник даст ўрнидан туриб тепамга келди. — Нега ўлдирдинг майорни?
— Аёл кишига қўл кўтаргани учун.
— Нима, хотини эканини билмасмидинг? Шунинг учун ўлдириш керак эдими?
— Билмадим.
— Сен ярамас, билмадим дейиш билан қутулиб кетаман деб ўйлаяпсанми? Тўғрисини айт!
— Мен тўғрисини айтдим.
— Шунақами? Билиб қўй, агар ўзингни шундай тутаверадиган бўлсанг, ўзингга қийин бўлади. Ундан кўра, ҳақиқатни гапир-да, даф бўл!
— Менга ишонмаяпсизми? — шу гал унинг кўзларига тик боқишга жазм этдим. Боиси, турма бошлиғи мендан гумонсираётгани сезилиб турар, агар бўш келсам, ҳақиқатни гапиришга мажбурлашига шубҳа йўқ эди. — Мен ўлдирдим ўша нусхани!
— Марҳумларни ҳақорат қилма! — бақирди подполковник. — Сендақанги ифлосларнинг кўпини кўрганман! Ҳали шошмай тур! Тўтидай сайратмасам… Иванов!..
Назоратчи шу ондаёқ остонада пайдо бўлди.
— Олиб бориб, анави… Челидзе ўтирган камерага қама буни!
— Хўп бўлади!..
— Ана ўша ерда эсинг кириб қолса ажабмас. — деди киноя аралаш подполковник чиқиб кетаётганимда. — Мулла минган эшакдай ювоштириб қўяди у сени!..
* * *
"Нега турма бошлиғигача шу иш билан қизиқиб қолди? — ўйлардим камера томон назоратчи ҳамроҳлигида кетиб борарканман. — Нима учун суд қилиб айбимга яраша жазо белгилай қолишмайди? Ҳали биринчи иш юзасидан суд бўлмаган. Нимага чўзишяпти? Сабаби нима?..”
Назоратчи мен киришим керак бўлган камера эшигига яқин келганда тўхтаб қоидага кўра мени деворга ўгирилиб, қўлларимни баланд кўтаришга мажбур этди. Сўнгра камера эшигини очиб елкамдан чангаллаганча ичкарига нуқиб киритди.
— Мана энди адабингни ейсан! — деди у ҳам подполковникнинг сўзини деярли такрорлаб. — Бу камерада ёвуз бир каллакесаар ўтирибди. Қани, бас келиб кўр-чи, уддасидан чиқармикансан!.. Лекин билиб қўй, шовқин кўтарсанг, муштлашсанг, шу тобдаёқ карцерга тушасан. Сени огоҳлантириб қўйдим.
— Ташвишга тушма! — дедим негадир қўрслик билан. — Ёш бола эмасман.
— Кўрамиз.
Назоратчи эшикни ортимдан шарақлатиб ёпди.
Мен секин қоронғилик қаърида каравотлар томон кўз ташладим. Дарча тарафдаги каравотда кимдир ўтирарди. Чамаси, эшик очилгач, уйғониб кетиб ўтириб олган.
— Дуч келган каравотга ётавер! — деди у йўғон овозда. — Бу ерда иккаламиздан бўлак ҳеч ким йўқ. Ким бўласан?
— Муродман. — дедим секин пастдаги каравотга чўкиб. — Ўзинг-чи!
— Гоги. Нега қамалгансан?
— Эшитмаганмидинг? — сўрадим ўзимни худди ҳайрон бўлгандек кўрсатиб.
— Ҳозир кўрамиз-да!
Гоги ўрнидан туриб бориб чироқни ёқди.
Қаршимда серсоқол, кўкрак қафасигача жун босган, тепакал, мушаклари спортчиларники каби туртиб-туртиб чиққан, ёши деярли мен қатори мағрур йигит турарди.
— Қани, эгнингдагини еч! — деди у.
— Нега?
— Ўшанда биласан.
Белдан юқоридаги кийимларни ечдим.
— Э, қани белги? — лаб буриб сўради у.
— Қанақа белги?
— Каллакесар бўлсанг, белгинг қани?
Пайқадимки, Гоги игнали ёзувни назарда тутяпти. Эшитганман, турмада ана шу нарса ҳам рол ўйнайди. Маҳбусларнинг даражаси ҳам шу ёзувларга, игнада чизилган суратларга қараб белгиланади.
— Ҳа-а, белги қўйишга вақтим бўлмаган. — хотиржам жавоб қилдим қўл силтаб. — Иш кўп эди.
— Шунақа дегин? Қанчасини тинчитгансан ўзи?
— Ўзинг-чи?
— Мен биринчи сўрадим.
— Илгари учтасини йўқ қилганман. Лекин топа олишмаган. Тўртинчисида қўлга тушдим.
— Кейин-чи?
— Охиргисини ўзинг эшитгандирсан?
Гоги кулиб юборди.
— Лекин-чи… — кулги аралаш елкамга шапатилади Гоги. — Боплабсан. Мана шунисини боплабсан. Ментларнинг адабини беравериш керак. Очиғи, сенга камида йигирма йил беришади-ёв!?
— Менга барибир. — дедим қовоғимни уйиб. — Асосийси, ўз ишимни қилдим.
— Тўғри қилгансан. Ана энди «Братва»лар сени қўлларида кўтариб юришади.
Эҳ, бунисига ҳам тушунмадим. Ким ўзи «Братва» дегани? Йўқ, сўрасам, қовун тушириб қўйишим мумкин. Яхшиси, ўзимни гўё тушунган қилиб кўрсатавераман. Хато қилмасман, ахир!..
— Уйқунг келдими? — сўради Гоги.
— Йўқ, нимайди?
— Унда ҳозироқ белги чизамиз.?
— Қанақа белги?
— Сенинг билагингга фил суратини чизамиз. Чунки, сен болаликдан фақат азоб чеккан экансан.
— Қаердан билдинг? — сўрадим кулимсираб. —
— Буёғи билан ишинг бўлмасин! Айтганча, бошқа билагингга мия суратини чизамиз.
— Нега энди мия?
— Мия каллакесарнинг асосий белгиси ҳисобланади. Хўш, розимисан?..
Мен бош ирғаб, Гогининг таклифини маъқулладим.
Эрта тонггача Гоги ўнг билагимга фил, чапига мия суратини чизиб улугрди.
У яна менга турманинг кўп сир-асрорларини гапириб берди. Cўнгра қўлимга бир қоғоз тутқазди. Қоғозга игна билан чизиладиган суратларнинг изоҳи ёзилган эди.
Синчиклаб ўқий бошладим.
Мия, тож — етакчи бўлишга интилаётган жиноятчилар рамзи;
Фил — болаликдан азобда яшаганлар белгиси;
Машъала — турмадаги жиноятчиларнинг дўстлик белгиси…
Ҳа, мен оддий қоғоз туфайли ҳам жиноят оламидаги сир-асрорларнинг бир қисмидан бохабар бўлдим.
Қолаверса, шундай очиқкўнгил ҳамроҳга учраганимдан мамнун эдим.
***
Эртасига эрталаб тағин назоратчи мени ташқарига чорлади. Йўқ, аввалига бир менга, бир Гогига зимдан назар ташлаб олди. Адашмасам, тун шовқин-суронсиз, муштлашувларсиз ўтганига у ҳам ҳайрон бўлди. Лекин сир бой бермади. Мени адвокат билан суҳбатлашган хонага бошлаб борди.
Бу сафар панжара ортида адвокат эмас, ёши элликларга бориб қолган, оппоқ сочли эркак ўтирарди. У ўзини прокуратура вакили Геннадий Свиридонович дея таништирди.
Вакил гапни жуда узоқдан бошлади. Менинг олдинги ҳаётимни суриштирди. Қариндош-уруғларимни сўради. Шундан кейингина мақсадга ўтди.
— Биламан, — деди Геннадий Свиридонович. — Сен жуда қатъиятли йигитга ўхшайсан. Шунинг учун ортиқча саволлар бериб бошингни қотирмайман. Гапнинг индаллосига ўтиб қўя қоламан. Хўш, сенга озодлик кўпроқ ёқадими, ё турмами?
— Нима, озодлик десам, чиқариб юборармидингиз?
— Мен айтган ишни қилсанг, чиқариб юборишим ҳам мумкин.
— Қилмасам-чи?
— Қочиб қаерга борардинг?!. Мажбур қилиш ҳам қўлимдан келади.
— Мен сиз ўйлаган қўрқоқлардан эмасман.
— Сен олдин қандай иш эканини жим ўтириб эшитсанг-чи, ношуд!..
— Хўп, эшитайлик-чи, «начайлик»!
Вакил шошилмади. Аввал бир-икки йўталиб олди. Сўнгра чўнтагидан сигарет чиқариб тутатди.
— Ана энди асосий ишга ўтамиз. — деди у менга маъноли кўз қисиб. — Биласанми, сенинг бўйнингга жуда катта айб қўйишган. — давом этди вакил. — Эҳ, бунақанги айб билан қамалсанг, жазони ўташга бир йигитнинг умри етмайди. Буям майли. Сени итдан баттар қийнашади бу ерда. Негалигини биласанми?
— Албатта биламан.
— Хўш, нимага?
— Айтишим шартми?
— Шарт.
— Чунки, мен турма ходимини ўлдирганман.
— Ў, энди ўзингга келдинг. Шундай экан, бўтам, бир йўлини топиб турмадан чиқиб олмасанг бўлмайди.
— Кейин-чи? — дедим айёрлигим тутиб. — Кейин нима бўлади?
— Дард бўлади. — жеркиб берди вакил. — Қанақа ғалчасан ўзи-а? Мен сенинг фойдангни кўзлаяпман, ярамас!..
— Мен-чи? — беихтиёр бақириб юбордим. — Сиз менга уй-жой берасизми? Иш, пул билан таъминлайсизми? Нега индамайсиз? Менинг илгари қандай ҳаёт кечирганимни билмайсиз-ку!..
— Тўғри, — деди вакил оғир хўрсиниб. — Сени ишинг билан тўлиқ танишиб чиққанман. Мени ҳеч нарсадан бехабар деб ўйлама. Ҳаммасини олдиндан чўтга солиб кўрганман. Агар менга бир ишда ёрдам берсанг, озодлик ҳам, пул ҳам, уй ҳам, иш ҳам бўлади. Манаман деганидан яхшироқ яшайсан.
— Хўп, айтинг, — дедим ўзимни босиб. — Айтаверинг!
— Навбатчилик қисми бошлиғи Василий Ивановични биласанми?
— Баланд бўйли майорми?
— Худди ўзи.
— Биламан.
— Ўшани кузатасан.
— Уни кузатишимдан нима фойда? Ким менга имкон бериб қўярди?
— Имконни сенга мен бераман. Уёғи билан ишинг бўлмасин.
— Хўш, нимани аниқлашим керак?
— Менга айтишларича, у янги келган маҳбусларни тунаётганмиш. Қимматбаҳо буюмларини ўзлаштириб юбораётганмиш.
— Ахир, у менга нималарни ўзлаштираётганини кўрсатмайди-ку!
— Тўғри, лекин сенга бир ёрдамчи бераман. У анчадан бери навбатчилик қисмини супур-сидир қилиб юрадиган кар-соқов. Ўша орқали аниқлаб, барча кирдикорларини менга етказиб турасан. Бунинг учун сенга алоҳида камера ажраттираман. Камера дарчаси ортидан узун сим ўтган. Сен барча маълумотларни қоғозга ёзиб, латтага ўрайсан ва ўша симга бойлаб қўясан, вассалом! Маълумот тўғри менинг қўлимга бориб тегади.
— Қанча муддат берасиз?
— Сен ўн кун ичида барча кирдикорларини исбот-далиллар билан аниқлаб беришинг керак бўлади. Ана ундан кейин ваъдага биноан сени озод қиламан.
— Ўйлаб кўришим керак. — дедим негадир юрагимни ваҳм босиб. — Бу сиз ўйлаганчалик осон иш эмас. Қўлга тушиб қолсам, умримни карцерда чиритишади.
— Хавотир олма. Ўйлаб кўришга сира вақт йўқ. Ҳозирданоқ ишга киришишинг керак. Бу ердан чиқишинг билан сенга алоҳида камера ажратилади. Бироз ўтиб олдингга ўша кар-соқов киради.
— Мен… Уларнинг тилини билмайман-ку!
— У билан гаплашиб ўтиришингнинг ҳожати йўқ. Ёзма равишда гаплашасизлар.
— Яхши… Кетсам майлими?
— Боравер, омадингни берсин!
Чиқиб кетаётиб, ўйлаб қолдим.
«Нега унда ўша аниқлайдиганини кар-соқов орқали аниқлайвермайди?..»
(давоми бор) Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|