Машина серқатнов йўл бўйлаб ўқдек учиб борарди. Орқа ўриндиқда ўтирибман-у, кўнглимга қил сиғмайди. Бир ёқдан Еленани қидириб топмаганим алам қилар, иккинчи тарафдан бугун бошимдан кечиши муқаррар бўлган ишларни ўйлаб ич-этимни ер эдим.
Қалбимнинг тубидан отилиб чиқишга чоғланаётган номаълум ҳайқириқ эса вужудимни чирмаб, асаб томирларимни зириллатарди.
"Майли, — дердим хаёлан ўзимни ўзим тинчлантириб. — бу дунёда фақат пешонага ёзилгани бўлади. Буни Худойимнинг ўзи неча марта менга билдириб қўйди. Кечроқ бўлса-да, бу ҳақиқатни англагандай бўлаяпман. Англамасам, Настяга бўри каби ташланиб, қайтадан наҳс ботқоғига ботардим. Нафсимни енга олдим-ку! Ўзимни кўзига қон тўлган буқадек тутмадим-ку!.. Шукр!.. Турмада кутиб турган таҳқирлашлар бунинг олдида нима бўпти? Энг асосийси, тартибли аристон деган номга хиёнат қилмадим. Толяндек номдор ўғрининг ишончини яна бир карра оқлай билдим…
Бироқ ҳаётда сўзимни бериб қўйишим ҳам мумкинмас. Айниқса, ҳозир мени кутиб оладиган турма ходимлари қаршисида қаддимни эгмаслигим шарт. Акс ҳолда шунча қилган ишларим бир пулга арзимай қолади. Майли, уларнинг пайтавасига қурт тушса тушаверсин. Чидайман!.. ҳар қандай азобга тоқатим етади…”
Давид мени турма яқинида қолдирди-да, шу заҳоти ортга қайтди.
Ана, турманинг «қора йўлаги». Кетишим ҳам шу йўлак орқали кечганди.
Секин бордим-у, эшикни итардим. Очилди. Ичкарига қадам қўйдим. Бино олдидаги кичик ҳовличадан ўтиб асосий эшикка яқинлашдим. Эшик ланг очиқ эди. Йўлакда қўлида супурги, латта, челак кўтариб юрган балландадаги аристонларни кўрдим. Хўш, қандай кирай?.. Ҳойнаҳой, асосий дарвоза олдида офицерлар «қиличини қайраб» тургандир. Нега бу ерни бўш қолдиришди? Наҳотки, айнан шу эшик орқали киришимга ақллари етмаган бўлса?..
Йўқ, уч-тўрт қадам босиб улгурмасимдан нариги тарафдан келаётган баланд бўйли, тақа мўйлов капитанга кўзим тушди. Турмага келганимдан бери бу капитанни уч-тўрт кўрганим бор. Ҳамиша ёнида келишган, дўмбоққина малласоч аёл бўларди. Кейинчалик билдим. Аёл капитаннинг хотини экан…
Капитаннинг ёнида қўлида чарм таёқ ўйнатганча турма назоратчиларидан бири ҳам келарди.
Улар мени кўришлари билан таққа тўхташди.
— Жойингдан жилма, Шарипов!.. — бақирди капитан. Турма назоратчиси эса шу заҳоти навбатчилик қисми томон чопиб кетди.
Мен буйруқни сўзсиз адо этдим. Икки қўлимни орқага қилганча жим туравердим.
Капитан дадил юриб келиб қўлимни кишанлади. Бу табиий ҳол эди. Лекин бир нарсага тушунмасдим. Одатда менинг тутиб қўйган ишим ҳазилакам эмас. Турмадан қочган маҳбусни ўнлаб аскарлар қўлларида қурол билан «қарши» олишлари, маҳбус турли қийноқларга гирифтор этилиши, бундан ташқари, муддатига яна қўшиб берилиши лозим эди. Нега мени фақат капитангина қўлга олди? Йўқ, адашибман. ҳали нафас ростлаб улгурмасимдан йўлак аскар, офицерларга тўлди. Қандайдир қориндор майорнинг буйруғи билан аскарлар икки қўлтиғимдан маҳкам қисиб иягимни полга теккизишди. Бошқалари тепа-тепа икки оёғимни икки ёнга суриб ташлашди.
Тепамга қўлимни кишанлаган капитан келиб совуқ тиржайди.
— Ҳа, қаҳрамон, қўлга тушдингми? — бақирди у гўё ўзини намойиш қилмоқчидек. — Турма энангни уйидай кенг бўлиб қолибди-да-а сенга? Ё бизни изқувар итга йўймоқчи бўлдингми?
— Ит бўлмай кимсан? — аскарларнинг босими остида хирилладим. — Итдан баттарсан!
— Ҳали буниси ҳолва. — давом этди капитан ёнидагиларга бир-бир қараб чиқиб. — Газ тўлдирилган карцерда ярим соат ўтирсанг, биласан.
— Капитан, хотининг жуда чиройли экан-а? — хаёлимга келган гапни қайтариб ўтирмадим. — Бир кўрганим бор эди. Қомати кўзни қамаштираман дейди-я!.. Ҳойнаҳой тўшакдаям унча-мунча эркакни еттинчи осмонга олиб чиқиб қўядиганга ўхшайди. Билиб қўй, озодликда шунақа хушрўйларга хуштор бўла оладиган братваларимиз бор. Бир оғиз шипшитсам, хотинингни дарров илинтиришади. Ўйлаб кўр!..
Шу гапим капитанга қаттиқ таъсир қилгани унинг кўзларини ола-кула қилиб жавдирашидан сезилиб қолганди. У оёғи куйган товуқдек типирчилай-типирчилай, аскарларга буюрди:
— Ҳозирча камерасига олиб боринглар!.. Турма бошлиғининг ўзи кейинроқ ҳал қилар!..
* * *
Камера томон мени аскарлар эмас, ўзимни йўлга кузатиб қўйган назоратчи олиб кетди. У ортимда кетиб бораркан, турма ходимларидан узоқлашишни кутди чоғи, йўлак бўйлаб бориб чапга бурилганимиз ҳамоно менга сўз қотди.
— Юрагингга қойилман, Бургут! Жонинг ҳам кўзингга кўринмас экан-а вей!
— Қўрқсам, турмангда ўтирармидим? — дедим совуққонлик билан. — Анави ўзиям емайдиган, бировгаям бермайдиган итларингдан қўрқайми? Ким бўпти улар?
— Локигин… Капитанни бопладинг! — деди назоратчи кулиб. — Хотинчасини ўлгудай яхши кўришини билган экансан-да!..
— Балки билгандирман. — ҳафсаласизлик билан жавоб қайтардим.
Очиғи назоратчиларгаям ўта ишониб юбориш ярамайди турмада. Ҳаммаси дўмбирачи. Сендан гап олади-да, ликиллаб бориб ё навбатчилик қисмига, ё тезкор гуруҳ бошлиғига сотади. Шуни билганим боис ортиқ гапириб ўтиришни ўзимга эп кўрмадим.
— Уёқдан менга бирор нима олиб келмадингми? — орага чўккан жимликни бузиб сўради назоратчи. — Ҳар ҳолда ёрдам бергандим.
— Ҳа, братваларнинг саломларини олиб келдим сенга. — дедим ҳамон сир бой бермай. — Сенга ҳурматлари ошибди.
— Ҳурматини пишириб ермидим ўша братваларингни? — норози тўнғиллади назоратчи. — Менга така бўлсин, сут берсин! Ўшанисидан гапир, хумпар!
— Оласан ўша айтганингни. Толян қуруқ қўядиганлардан эмас. Албатта сени мукофотлайди.
— Мана бу эркакча гап бўлди. — дея назоратчи мени қадрдон камерам рўпарасида тўхтатди ва ўзи шарақлатиб эшикни очди. — Камерангда янги келган бир аристондан бўлак ҳеч зоғ йўқ. Ҳаммалари ишга кетишди. Маза қилиб дамингни олавер!
— Ким у янги келган аристон? — сўрадим. — Анавинақалардан эмасми ишқилиб?
— Билмадим. — деди назоратчи афтини бужмайтириб. — Уёғини ўзинг аниқлаб олавер! Жа устасан-ку!..
Ичимда назоратчини сўка-сўка камерага кирдим. Ҳақиқатан ўнг бурчакдаги каравотда афтини сепкил босган, чамаси ўн тўққизлар атрофидаги бир рус йигити ётар, ётган ерида папирос тутатарди.
* * *
Аристон мени кўрди-ю, сакраб ўрнидан турди ва югуриб бориб қўлидаги папиросни стол устидаги аллюмин кулдонга ташлади.
— Кимсан? — қовоғимни уйиб сўрадим ундан.
— Витяман. — сал чўчиброқ жавоб қилди аристон.
— Хўш, Витя, нечанчи «ходка»?
— Б-биринчиси. — деди тутилиб у.
— Нега қамалдинг?
Витя бош эгди. Бу ҳолатини кўриб миямга дарров «Номусга теккан шекилли» деган хаёл келди ва муштларимни тугиб унга яқинроқ бордим.
— Нима, суяк тиқилганми томоғингга? Намунча шалвирайсан? Гапир!
— О-отамни ўлдириб қўйдим. — бошини ердан олмай деди Витя.
— Нима?.. Ўз отангни-я?..
— Ҳа, — энди Витя бошини кўтариб кўзларимга тик боқишга журъат этди. — Ўз отамни ўлдирдим.
Унинг бу юзсизлиги негадир ғашимни келтирди. Лекин қўл кўтаришга шошилмадим.
— Майли, — дедим каравотим томон кетаётиб. — Ҳали братвалар келсин-чи, кўрамиз.
— Н-нимани? — сўради Витя ранги оқаринқираб.
— Нимани бўларди? Ҳали сен рўйхатдан ўтишинг лозим. Бироқ ўз отасини ўлдирган одамнинг рўйхатдан ўтиши анча мушкул-ов. Братвалар кечиришмайди бу ишингни.
Шундай дедим-у, каравотимга чўзилиб, кўзларимни юмдим.
* * *
Кечқурун камерадошлар келди. Барчалари билан қучоқ очиб кўришгач, гапни чўзиб ўтирмай, Витя масаласини ўртага кўндаланг қўйдим.
— Хўш, ҳурматли аристонлар, бизнинг янги аристон ўз отасини ўлдириб қўйибди. Қандай ўлдирганини билмадим-у, бироқ шу иш бўлибди. Нима қиламиз?
Аристонлар менинг «разбор» бошламоқчи эканимни дарров англашди ва аввалига бир-бирларига савол назари билан қараб олишди.
— Олдин ўзи бир бошдан гапириб берсин! — деди рассом Вася.
— Жуда тўғри, — маъқуллади қария. — Биз нега ўлдирганини билишимиз керак-ку!
— Қани, Витя, бошла! — дедим аристонга юзланиб. — Нега тек ўтирибсан?
— Хуллас, отам юрадиган қизимга тегажоғлиқ қилган экан.
— Нима?.. — негадир кулгим қистаб ўтирганларга ҳайрат аралаш боқдим. — Юрадиган қизингга тегажоғлиқ қилди? Отанг-а?.. Нима, онанг йўқми сени?
— Онам ўлиб кетганига ўн йил бўлди.
— Сен отангнинг шу ишини кўрдингми?
— Йўқ, — деди Витя ердан кўз узмай. — Ксениянинг ўзи айтганди.
— Ҳа-а, демак, ўша юрадиган қизингнинг исми Ксения, шундайми?
— Шундай.
— Сен шу гапларга ишондингми? Балки, Ксениянг ёлғон гапиргандир?
— У ёлғон гапиришни билмайди.
— Жа маҳмадона экансан-ку! Отанг-чи? У ёлғончими?
— Ҳа, у мени кўзимга қараб туриб алдади… Ярамас…
— Айбини бўйнига қўйдингми ишқилиб?
— Кимнинг айбини?
— Ўзингам сал овсарроқ кўринасан, Витя? Боядан бери қулоғингга тамбур чалаяпманми? Отангнинг айбини, отангнинг!..
— Шу гап ростми-ёлғонми, сўрагандим, у юзимга тарсаки тортиб юборди.
— Демак, ёлғон экан-да!
— Йўқ, мени дўппослаётиб «ҳа, тегиндим! Нима дейсан? Қўлингдан нима келади?» деб қичқирди.
Бу гапни эшитиб аристонлар бараварига кулиб юборишди. Мен бўлсам сир бой бермай, сўрашда давом этдим.
— Марҳумнинг ёши нечадайди?..
— Олтмишдан ошганди.
— Бадавлат одамми?
— Ҳа, райпода омборчи эди.
— Отангни қандай йўл билан ўлдирдинг?
— Тушунмадим. — кўзларимга жавдираб боқди Витя.
— Нега тушунмайсан, вайсақи? Нима билан ўлдирдинг? Бўғибми, пичоқлабми…
— Пичоқлаб. — Бу гал Витянинг овози титраб чиқди.
— Афсусланмайсанми отангнинг бошига етганингдан? — сўрадим ундан овозимни ҳийла пасайтириб.
— Йўқ! — бошини баланд кўтариб жавоб қилди Витя. — Ундай ифлосларни тириклай кўмсаям кам.
— Ё алҳазар! — деб юборишди аристонлар бараварига.
Мен азбаройи ғазабим келса-да, базўр ўзимни қўлга олиб Витянинг бўйнини чангалладим.
— Бир гапим эсингда бўлсин жўжахўроз, — дедим ҳаммага эшиттириб. — Шалағи чиқиб бораётган эркак тишлари тушиб кетган қари итдай гап. Суякни эплаб ғажий олмаса-да, ёпишиб ириллайверади. Аммо бу гап билан отангни айбламоқчи эмасман. Кексайиб қолганига писанда қилдим холос.
Витя бу суҳбатимизнинг қандай якун топиши мумкинлигини ўзича тахмин қилиб улгурган эди. Шу сабабли вужудида билинар-билинмас титроқ туйиб, аста-секин қўрқув чодирига ўрала борди. Бу ҳолати айни муддао. «Разбор» тинч ва муваффақиятли якун топишига кўмак беради.
— Сезаяпманки, тилнинг қиймати жон нархига тенглаша бошлади. — давом этдим аристонларга сезилар-сезилмас кўз қисиб. — Қолаверса, ҳурматли аристонлар, Витя найрангбоз эмас. Фақат падарини бўғизлаб оғир гуноҳга йўл қўйибди. Бу гуноҳини нафақат биз, ҳатто Худоям кечирмайди. Тўғрими?
Аристонлар бараварига сўзимни маъқуллашди.
— Шахсан мен сендақанги санқи буқачаларнинг кўпини кўрганман. — дедим Витянинг бўйнини ҳамон чангалимдан бўшатмай. — Уларнинг кўзига қон тўлиб қолган. Шунинг учун нафси йўлида ҳатто отасини ҳам тан олмайди.
— Мени ҳайвонга тенглама! — бирдан «сен»лашга ўтди Витя. — Ҳар ҳолда қотиллик туфайли қамалганимни унутмасанг бўларди.
— Нима қиласан? Мениям отанг каби бўғизлай оламан деб ўйлаяпсанми? — бақирдим унга. — Мени-я?..
Камерадаги аристонлар бараварига оҳ тортиб юборишди. Чунки, яқин орада менга ҳеч ким бу қадар ҳақорат ёғдирмаган эди.
— Ҳамма эшитди-а? — камерадагиларга юзланиб сўрадим. — Бу қизиталоқнинг гапини эшитдиларингми деб сўраяпман!
— Албатта эшитдик. — дейишди аристонлар.
— Қизиқ бўлди-ку, — гапни илиб кетди қария. — Ҳали рўйхатдан ўтмай туриб шартакилик қилиб қўйди бу бола.
Мен эпчиллик билан стол устидаги тутқичи ўткирланган қошиқни қўлимга олдим-да, Витянинг томоғига тирадим.
— Хўш, нега титрайсан? Қилмайсанми ҳаракатингни?
Витя бу «ўйин»да мағлуб бўлганини қалбан тан олиб бўлганди. Буни ҳансираб нафас олишидан, тиззасидан тортиб, лабига қадар қалтироқ тута бошлаганидан англадим. Аммо у ҳануз сир бой бергиси келмай, эҳтиёткорлик билан ўрнидан турди.
— М-мен ўлимдан қўрқмайман! — титроқ ичида шивирлади Витя. — Бекорга овора бўласан!..
— Шунақами?
Тиғни томоғига қаттиқроқ босдим. Шу ондаёқ қон сизиб кўксига оқа бошлади.
— Ҳалиям сўзингда турибсанми? — сўрадим ундан. — Босаверайми қаттиқроқ?..
Жон аччиғи ёмон. Манаман деган зўр ҳам ўзидан-да зўрроқнинг чангалига тушгач, маҳлуққа ем бўлишини кутаётган жонивор каби жазавага тушиб қолади.
Витя қўрқув баланд келиб кўзларини чирт юмиб олди ва эшитилар-эшитилмас ёлвора бошлади.
— Кечиринг, ака! Аҳмоқлик қилиб қўйдим!.. Ўлдирманг!.. Ёлвораман!
— Энди менинг гапимни эшит, — тиғни қайтадан стол устига ташлаб Витянинг сочини ғижимладим. — Мени Бургут деб қўйишибди. Бу дегани, сендақа ҳезалакларни бир чўқишда тилка-тилка қила биламан.
— Тушундим, ака! — деди Витя. — Мен… Билмабман.
— Тушунган бўлсанг, иккала қулоғинггаям қуйиб ол. Ўзбошимчалигинг, қолаверса, отангга тиғ санчганинг эллик минг сўмга баҳоланади.
— Н-нима?.. — ўрнидан туришга чоғланди Витя. Бироқ сочини ғижимлаб олганим унга панд бериб жойидан қимирлай олмади. — Б-бунча пулни қаердан оламан?..
— Отанг омборчи бўлган шекилли? — дедим аристонларга кўз қисиб. — Йиғиб қўйганларидан берасан. Ахир, ўша манжалақи икковинг бойлик туфайли отангнинг бошига етгансан!
— Ёлғон! — бақирди Витя. — Биз…
— Ўчир жағингни! Ҳозир синдириб оламан. Бу ерни турма деб қўйибди. Ёлғон-ростлигини сендан сўраб ўтирилмайди. Айтганча, Вася, — рассом аристонга ўгирилиб давом этдим. — Бу ўша манжалақисини уч кун ичида турмага чақиртиради. Сенга ўзим қўшиб бераман. Сенам юравемагин-да, бир жойингни чангаллаб! Мундоқ эркак бўлгин!
Витя ортиқ ғиқ эта олмади. Унга вақтинчаликка ҳожатхона ёнига жойлашишни буюрдим-да, камера эшиги томон йўналдим.
Толян ҳузурига чорлашини сабрсизлик билан кутаётгандим.
* * *
Назоратчи худди хаёлимдан кечган фикрларни ғойибона уқиб олгандек, яқин боришим билан эшикни шарақлатиб очди-да, боши билан мени ташқарига имлади.
Қувониб кетдим. Ниҳоят Толян билан юз кўришиб, қилган ишларим ҳақида ҳисоб бериш вақти келибди. Жазо чораси қўлламаганларига қараганда, Толян гаплашиб қўйган бўлса керак деган ўйда буйруқни сўзсиз адо этиб девор томон ўгирилдим.
— Сени турма бошлиғи кутаяпти! — деди назоратчи қовоғини уйиб. — Сўроқсиз турмадан чиқиб кетиб бекор қилибсан, йигит! Энди камида бир ой карцерда ётишингга тўғри келади. Албатта, оғирроқ жазо тайинлашмаса.
— Толян-чи? — сўрадим йўл-йўлакай назоратчи томон ўгирилиб. — У мени кутаётган бўлиши керак.
— Намунча Толянлаб қолдинг? — жеркиб ташлади у. — Қилғиликни қилиб қўйиб бемаъни саволлар беришингга ўлайми? Турма бошлиғи кабинетида сўроқ бераяпти ҳамтовоғинг.
Бу гапни эшитгач, индамадим. Фойдаси йўқлигини англадим. Агар Толянни ҳам чақиртирган бўлса, демак, у ишни ёпди-ёпди қила олмаган. Майли, нима бўлганда ҳам тақдиримиз шу ментлар қўлида. Пешонага битилганини кўраверамиз-да!
Турма бошлиғи подполковник Тарасов деган озғиндан келган, ўрта бўйли, қошлари қалин одам экан. Толяндан ташқари унинг рўпарасидаги стулда керилганча ўтирган капитанни кўриб сира ҳайрон бўлмадим.
Биламан, у мени камерага жўнатгач, тўғри турма бошлиғининг ҳузурига кириб ҳисоб берган.
Мен кириб борганим ҳамоно шу қадар ёмон тикилдики, қўйиб беришса, ғажиб ташлашга шайлиги яққол кўзга ташланарди.
— Хўш, рецидевист! — гапни дўқлашдан бошлади бошлиқ. — Булар индашмади, демак, мендан қўрқишди деб ўйлаганмидинг?
— Тушунмадим, начальник! — бир четда лабини асабий тишлаганча жим ўтирган Толянга қараб олдим-да, ўзимни гўлликка солиб сўз қотдим.
— Тушунмадингми? Нима, озодликда миянгга қурт тушиб қолдими?
— Ҳақорат қилманг, начальник! — дедим бўш келмай. — Мен ҳақоратларга кўникмаганман.
— Нима?
Подполковник бу гапимдан сўнг даст ўрнидан турди-да, югурганча келиб қаршимда ҳозир бўлди.
Унинг лаблари учиб, тишлари такиллаб кетаётганидан дўппослашга тайёр турганини пайқаш қийин эмасди.
— Шунақами ҳали? — бақирди у титроқ ичида. — Ҳали гап кўтармайдиган ҳам бўлиб қолдингми сен каллакесар, ўғри?.. Йў-ўқ… Адабингни бераман. Шундай аҳволга соламанки, туғилганингга минг пушаймонлар ейсан! Конвой!..
Шу заҳоти остонада икки аскар қўлларида қурол кўтарган ҳолда пайдо бўлишди.
— Буни газли карцерга қама! Бир ҳафтагача чиқмасин!
— Олдин нега турмадан чиқиб кетганим сабабини сўрамайсизми? — дедим капитан томон бир қараб олиб. — Мен ўзбошимчалик қилган эмасман.
— Нима?.. Вей, сен ким билан гаплашаётганингни биласанми ўзи? — баттар тутоқиб кетди бошлиқ.
— Биламан. Шунинг учун ҳам сизга бор ҳақиқатни айтмоқчиман.
Бу гапимни эшитиб, Толян сал қурса ўрнидан туриб кетаёзди.
— Ҳа-а, ҳақиқатни айтмоқчиман дегин? — сал ўзини босиб олиб сўради бошлиқ. — Хўш, нима экан ўша ҳақиқатинг?
— Мен манави капитаннинг буйруғи билан кетган эдим.
— Вей, нима деб валдираяпсан? — капитан кутилмаган гапдан сапчиб турди-да, югура келиб ёқамдан олди.
— Ҳа, шу одамнинг буйруғини бажардим. Биласиз, бу кишининг хотинчаси жуда келишган жувон. Озодликда бир эркак ўша аёлга сал ортиқчароқ гапириб қўйган экан. Капитан шу муаммони ҳал қилиб келишимни сўради.
— Аблаҳ!.. — хириллаб ёқамни қаттиқроқ чангаллади капитан. — Ҳозир… Ўлдираман!..
— Капитан, ўзингизни босинг! — деди бошлиқ. — Билиб турибман, бу ишда сизнинг айбингиз йўқ. Буни манави иккаласи ўйлаб топган бўлиши керак. Конвой! Олиб чиқинг бу нусхани!
— Ўзингни бос, начальник! — шу пайт Толян ўрнидан туриб кетди. — Бу ишинг бизга маъқул эмас. Агар ҳозироқ буйруғингни бекор қилмасанг, ҳамма аристонларни оёққа турғазаман. Очлик эълон қиламиз.
Хабарим йўқ эди. Турма бошлиғи аристонларнинг тўполон кўтаришлари-ю, очлик эълон қилишларидан қўрқишини тасаввур ҳам этиб кўрмаган эканман.
Толяннинг сўнгги гапи бошлиқни конвойга «кетавер» ишорасини қилишга ва қайтадан жойига ўтиришга мажбур этди.
— Тағин эски ашулангни айтмоқчимисан? — бирмунча босиқлик билан сўради у Толяндан.
— Нима қилай? — деди Толян. — Бу аристон менинг яқин дўстим. Қолаверса, бу ерда адолатсизликка йўл қўйилаяпти. Капитан жўнатди деган гапга ишонмаяпсиз. Фақат аристонни айбдор қилаяпсиз. Шундай бўлгандан кейин биз қараб тура олмаймиз.
Бошлиқ бирпас ўйланиб турди-да, яна конвойни чорлади.
— Буни олиб бориб оддий карцерга қама! Бир ой ўша ерда ётади!
— Ҳечам-да! — бўш келмади Толян. — Уни ўзининг камерасига олиб борсин. Акс ҳолда…
— Майли, майли, кўндирдинг! — деди бошлиқ. — Фақат айтиб қўяй, шундан кейин ҳам бир балони бошлайдиган бўлсанг, мендан ўпкалама!
— Аристонлар гапига жавоб беради. — дея менга билинар-билинмас кўз қисди Толян. — Улар ментлар каби ноғорачи эмас!
Мен конвой етагида камерам томон йўл олдим. Кўнглим шу тобда ҳайтдагидек шод эди.
Чунки, биз мутлақ ғолиб бўлган эдик.
* * *
Турма бошлиғи билан бўлиб ўтган суҳбатдан кейин Толяннинг менга ишончи ортди. Энди мен ҳам ўрмон кесишга чиқмайдиган, баракда қолиб арзимаган ишлар билан шуғулланадиган бўлдим. Асосий ишим эса аристонлар ўртасида ички тартибни сақлаш ва улар орасида ўзаро келишмовчиликларнинг олдини олишдан иборат эди. Бундан ташқари кўпчилик аристонларнинг гапи билан «обшак»даги пулларнинг ҳисоб-китоби ҳам менга топширилганди. Панжара ортидаги қора кунларим ортда қолганидан суюниб, энди ўзимга кела бошлаганимда қўққисдан ярим тунда назоратчи мени уйқудан уйғотиб Толяннинг камерасига олиб борди. Ўғрибоши каравотнинг бир четида маъюс ўтирар, чўзиб-чўзиб сигарет тортарди-да, ҳар тутун чиқарганда оғир уфлаб оларди. Мени кўриши билан сигаретини ўчириб, қўли билан курсига имо қилди.
— Яширмайман, — деди ғамгин оҳангда Толян, — Сен мени деб ўзингни душман ўқига тутиб бердинг. Қайтмаслигингни, тартибли ўғрибошиликка муносиб эканингни исботладинг. Аслида ўша ишга Давиднинг ўзини юборсам ҳам пулимни ундириб кела биларди. Сени шу йўл билан яна бир карра текшириб олишни ихтиёр қилгандим.
— Биласан-ку, Толян, — дедим азбаройи қувонганимни яшира олмай жилмайиб, — Сен учун ҳар қанақанги мушкул ишга ҳам тайёрман. Мен учун ишнинг қийинлиги заррача аҳамиятга эга эмас, муҳими, йигит киши ваъда бердими, сўзининг устидан чиқиши керак. Мен ана шу қоидага амал қиламан.
— Мана шу феълинг учун ҳам сени ҳурмат қиламан-да, Бургут! Айниқса, озарбайжон бобойникидаги разборингни эшитиб тан бердим сенга. Ҳақиқий эркак, тартибли аристонлар шундай йўл тутишади. Фақат…
Толян қўл силтаганча ўрнидан туриб кетди.
Бир муддат камера даричасидан ташқаридаги чироқ нурида жилваланганча ерга тушаётган қор учқунларига тикилиб қолди. Мен индамасдан унинг нима дейишини кутдим.
— Кел, аввал қиттай-қиттай олайлик! — Толян камера эшиги рўпарасида унинг кўрсатмасини кутаётган калбош аристонга имо қилди. — Қуй коньякдан!
Аристон ликиллаганча келиб иккита темир кружкага коньякдан яримлатиб қуйди ва навбатдаги буйруқни бош эгган кўйи кута бошлади.
— Жойингга бор! — деди Толян унга қовоғини уйиб. — Чақирганимда келасан. Хўш, Бургут, кел, сенинг саломатлигинг учун оламиз!
— Нимадир демоқчи бўлгандинг чоғи, — дедим Толяндан кўз узмай.
— Ҳа, сенга бир хунук хабарни етказиб қўйишим зарур эди.
— Нима бўлди? — сўрадим кўнглим ғаш тортиб. — Тинчликми?
— Йўқ. Тинчлик бўлганда сени бу тахлит кутиб олмаган бўлардим, — деди Толян. — Биласанми, анави ментлар бизни, барибир, тинч қўйишмайдиган кўринади.
— Нега? Тунов кунги гапинг кор қилмабдими?
— Масала бошқа ёқда. Билишимча мени бу ердан бошқа жойга ўтказишмоқчи. Мен кетсам, ўрнимга ўзларининг йўриғига юрадиган бирор кишини қўйишлари тайин. Бу бир. Иккинчидан, мен кетганимдан кейин сен ҳам бу ерда кўп яшамаслигинг аниқ. Чунки уларга сенга ўхшаган орияти баланд, Ғурурли аристонлар ёқмайди.
— Шунақа дегин, — Толянга қаттиқроқ тикилдим, — Демак, ментлар ўзларидан хавотир ола бошлашибди-да…
— Лекин сен унчалик хавотир олма, — давом этди Толян, — Мен ҳам қараб ўтирганим йўқ. У ёқдаги братваларга маслаҳат солдим. Улар бир қарорга келишиб, ментлар орасидаги дўмбирачилариниям огоҳлантиришди.
— Хўш, нима қиладиган бўлишди?
— Хуллас, ҳозирча сени карцерга қамашади. Бу сени аристонлар назаридан узоқроқ тутиб туришнинг бирдан бир йўли. Лекин ҳали айтганимдек, ҳеч нимадан хавотир олма: сен бизнинг ҳимоямиздаги одамга айландинг. Энди бизнинг тартиб-қоидаларга амал қиласан! Борди-ю, ментлар билан ош-қатиқ бўлсанг ёки бирор жойда хол қўйсанг, унда нафақат ўзингга, балки сени авторитетларга тавсия қилганим учун мени ҳам ташвишга қўйган бўласан. Шунинг учун бундан бу ёғига қиладиган ҳар бир ишингни обдон торозига солиб кейин гапир, ҳатто ташлайдиган қадамингни ҳам ўйлаб бос. Хуллас аристонлар орасида обрўга рахна соладиган ҳаракатлардан тийил! Сенга бундан кейин тўғридан-тўғри йўл-йўриқ ҳам, маслаҳат ҳам бера олмайман, хабарлашиш фақат қамоқхона почтаси орқали бўлади энди…
— Шунақа гаплар дегин, — дедим бу гапларни эшитиб. — Лекин…
— Лекин-пекинингни қўй. Бу ёғига кўп нарса ўзингга боғлиқ. Нима бўлгандаям, Бургут, сендан илтимос, жонингга жабр қилма. Кейин турма маъмурияти билан кўп ҳам нифоққа бораверма. Уларни биласан-ку, аяб ўтиришмайди. Айниқса, қаршилик қилганларни ими-жимида ўлдириб юборишдан ҳам тап тортишмайди.
— Балки, мени ҳам бошқа турмага ўтказиб юборишар? — умид билан сўрадим Толяндан.
— Буниси менгаям қоронғи. Ишқилиб, қаерда бўлсанг-да, соғлиғингга беэътибор бўлма. Кейин муроса билан битадиган ишни ҳеч қачон уриш-жанжал ёки бировнинг бурнини қонатиш билан ҳал этма! Негаки, эрта бир кун ноҳақ урилган бир мушт учун ҳам жавоб беришга тўғри келиб қолиш мумкин. Бундай ҳолатларда омон қолишингга ҳеч ким кафолот бера олмайди.
— Толян, чин дилдан бераётган маслаҳатларинг учун сендан миннатдорман. Ваъда бериб айтаманки, ўзимнинг ҳам, сенинг ҳам номингни қора қиладиган, обрўйингга рахна соладиган ишларни қилмайман.
— Биламан, Бургут, сен бир сўзли йигитсан, — кулди Толян. — Айтганча, мен ҳам сенга бир ваъда бериб қўйгандим, ёдингдан чиққани йўқми?
—…
— Керакли одамлар билан гаплашиб, сенга туғилиб-ўсган юртингдан ҳовли сотиб олганман. Воляга чиққанингдан кейин Давидга учрашиб, қолган масалаларни у билан гаплашасан. Ҳа, яна бир нарсани айтишни унутаёзибман: аёллардан сал узоқроқ юр!
— Хўп, Толян, сен нима десанг шу, — кулимсирадим.
— Мен кетганимдан кейин бу ерда бир кўнгилсизлик бошланишини сезиб турибман, шунинг учун ҳар дақиқада ҳушёр тур.
— Хўп бўлади, Толян!
Биз қадрдонларча қучоқлашиб хайрлашдик.
(давоми бор) Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|