Тергов изолятори. Узун коридор. Камералар. "Энгашиб юр!" "Ўнинчи камера! Эшикни оч! Тез-тез! Кир!" Қоронғу камера. Шконкалар. Маҳбуслар. Эшик очилганда ўринларидан туришади. Ўлганларининг кунидан. "Ҳа, мужик, статья?" "159-, 244-". Ҳамма бирдек надомат билан бош чайқайди. Кимдир ачингандек. Кимдир нафратлангандек. Кимгадир мутлақо фарқи йўқ. ...Тоштурма. Зона. Ходимлар билан суҳбат. Янги танишувлар. Имомларнинг "159” ва "244”ларга нафрат билан тўлган маърузалари. Бутун дунё шу икки моддага қарши қурилгандек. Бутун дунё фақат шу икки моддага қарши курашмоқ учун яшаётгандек. Маҳкумлар орасида тортишув. Беш яшар қизчани зўрлаб, кейин ўлдириб, йигирма йилга қамалган манфур "159” ва "244” га вишиллайди: "Ўрнингни билиб юр!" ...Бу зулматда поён йўқдек. Бу зулматда биргина нажот Дуои хайр ва Дуои бад эди, холос. "Срок қанча?" "Ўн саккиз йил". Икки томонга ҳам аён – ўн саккиз йил мавҳум муддат. Яна давоми бордир, балки. "Подучётлар! Ёнма-ён ўтирма!" "Подучётлар! Гаплашма!" "Подучётлар!"
...ТВда Президент гапирди: "Мен учун ҳамма тенг! Ўзбекистон фуқароларини ажратмайман! Ўз ҳолига ташлаб қўймайман! Биз уларни йигирма беш йил турткиладик!.." Имомлар, арбоблар тухумдан кеча чиққан жўжадек Президентнинг нутқини ўзлаштириб, такрорлашга киришдилар. Булут йиртилди. Ой нур сочди. Атроф ёришди. Одамларнинг башаралари кўрина бошлади. Алҳамдулиллаҳ! "Подучёт” сўзи истеъмолдан чиқа бошлади. Нафрат совуғи кўтарилди. Бу неъматга билганлар шукрона келтирдилар.
Ички ишлар тизими ўзгарди. Яхши томонга ўзгарди. Улкан машаққатлар ила ўзгарди. Ва ўзгармоқда, такомилга етмоқда. Захлаган ернинг захми секин кетади. Давлатнинг фуқаросига нафрати йўқолдию, баъзи одамлар онгида бу ётсираш худди захм каби қолди. Менга айтишадики: "Ўзинг қамоқда бўла туриб, нега бундай ижобий ёзмоқдасан?" "Мен бир заррадекман. Менга адолат қилинмаса, бу менинг изтиробим, менинг шахсий депрессиям. Бу халққа қилинадиган ноҳақлиқ олдида ҳеч нарса. Модомики, халқимизга зулм бўлмаса, халқ ўз сўзини айтса, халқ дардини тинглаб, унга малҳам бўлсалар, менга эътибор берманг. Чунки биргина менинг нафсимга ҳузуру, ўттиз беш миллион инсонга азоб бўлганидан кўра ўттиз беш миллион одам бахтиёру биргина менинг мазлум бўлганим яхшироқ". Сўзимни жуда яқин тарихдаги зулмат тасвиридан бошлагандим. Нега? Бугунги нисбатан ҳурриятни қадрланг, шукур қилинг, қўлдан бой берманг! Сўзлай олаётганингиз учун, Сизни фикр учун қийнамаётганлари учун Аллоҳга ҳамд айтинг! Ёмон кўриш учун разиллар етарли, яқинларингизга меҳр кўрсатинг! Зулмнинг уйғонишига сабабчи бўлманг, зулмга йўл қўйманг, бир-бирингизга сабр қилинг, бағрикенг бўлинг! Зарра ноҳақликка рози бўлманг! Ҳаммамиз бир халқмиз, бир юрт фарзандимиз, бирингиз иккинчингизга чап кўз ила қараманг!.. Айтмоқчи бўлганим шу эди. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|