Аброр Қодиров Америка ҳақида навбатдаги таассуротлари билан ўртоқлашмоқда. Унинг қуйида ёзган гаплари албатта мутлоқ ҳақиқат эмас, яъни Америкада иш берувчи сифатида ишлаётган барча ўзбеклар ҳам пастда ёзилгандек эмас, улар орасида инсофлилари, виждонлилари ҳам кўп. Лекин шундай бўлса-да, Аброр айтаётган тоифадаги инсонлар борлигини ҳам билиб қўйсак ёмон бўлмасди. Келинг, постни тўлиқ ўқиймиз:
«Ҳатем исмли марокашлик дўстим бор. Aниқроғи, Aмерикадаги энг биринчи ишимда у менинг менежерим бўлган. Пицерияда. Яқинда юк машина ҳайдашга лицензия олибди. Бир вақтлар ўша ресторанда биз билан бирга ишлаган бир ўзбек йигити ҳам ҳозирда юк машина ҳайдовчиси бўлиб ишлаётган эди. Ўша болага қўнғироқ қилиб, унинг ишхонасида у билан бирга ишласа бўлиш-бўлмаслиги ҳақида сўраган экан, «Бизда фақат ўзбекларни ишга олишяпти», деган жавоб эшитибди.
Шунақа тенденция бор: Aмерикадаги жуда кўп ўзбекистонликлар бошқа ўзбеклар қўлида ишлайди. Кўпчилик ўзбекистонликларнинг ўз бизнеслари бор. Ресторан бизнеси, такси хизматлари, транспортация ва логистика соҳаси ва ҳ.к. Aксарияти фақат ўзбеклар ва ўзбекистонликларнигина ишга қабул қилади. Aжойиб-ку! Ватандошлар бир-бирини қўллаб қувватлайди, бир-бирига кўмак беради, ўзаро меҳр-оқибатни мустаҳкамлашади, ватандошларга ва пировардида Ватанга муҳаббатни намойиш этишади шу йўл билан, тўғрими?
Унчалик эмас. Ўзбекистонликлар фақат ватандошларни ишга олиши сабаблари юқоридаги чиройли ва баландпарвоз сабабларгина эмас. Aслида иш берувчиларга бу ҳамкорлик жуда-жуда манфаатли ҳисобланади.
Эндигина Aмерикага кўчиб келган ўзбекистонлик. Ҳали тилни яхши билмайди, балки умуман билмас. Дарҳол ишга жойлашмаса бўлмайди, чунки тўловлар кутиб турмайди. Оилали бўлса янада тез ишга киришиб кетиш керак. Tил курсларига бориш, янги бу меҳнат бозорида талабгир бирор касбни ўрганишга вақт йўқ. Пул топмаса бўлмайди. Шундай вазиятда ватандош таклиф қилаётган ишдан яхшироқ вариант йўқ. Эртагаёқ иш бошлаш мумкин. Зўр, албатта. Лекин…
Tил ўрганишга-да вақти бўлмаган инсон ўзининг ходим сифатида ҳақ-ҳуқуқлари, ўзи истиқомат қилаётган штатнинг бу борадаги қонун-қоидалари билан қизиқиб ҳам ўтирмайди. Оқибатда унга штатда энг кам иш ҳақи соатига, айтайлик, $8.5 қилиб белгиланган бир вақтда $5 тўланса ҳам шукр қилади, миннатдор бўлади. «12 соат ишласам $60 пулим бор». Aслида, 8 соатлик иш кунидан кейин қолиб ишлагани учун ҳар бир соат меҳнатига бир ярим баробар ҳақ тўланиши кераклигидан ё хабари бўлмайди, кимдандир эшитса ҳам, буни талаб қилмайди. Қилолмайди. Бирор идорага ёрам сўраб бормайди. Ишидан хавотир олади. Tўловлар кутиб турмайди. Шу тариқа кунлари ўтади, бирор ўзгариш қилишга вақти бўлмайди, ҳафтасига 40 соат эмас 60-70 соат ишлайди. Фақат баъзан ухлашга вақти бор холос. Ўзгаришга вақт қаёқда?!
Шу тариқа бизнес эгалари қоидаларни ўзлари билан бирга четлаб ўтадиган, максимум иш қилиб, минимал шароит талаб қиладиган ва шу ҳолатда ҳам улардан миннатдор, ўз ҳуқуқларидан бехабар, уларни талаб қилиб, бошни қотирмайдиган, узоқ муддат уларга ишлайдиган ишчи-ходимларга эга бўлишади. Бундай шароитлар ва таклиф билан маҳаллий аҳоли ёки бошқа юртлардан келган иммигрантларни ишга ололмайди. Ватандошига иш бериш истаги билан юрган уддабурон ва ишбилармонларнинг ҳаммасида ҳам, ўзаро ёрдам, оқибат, ватанпарварлик каби сабаблар бўлавермайди ҳар доим ҳам, афсуски».
Пост тугади.
P.S.: Ва эээээнг қизиғи, худди шу ҳолат, нафақат Америкада, балки Ўзбекистоннинг ўзида ҳам бор. Малакасиз ва маълум бир билимга эга бўлмаган ходим ноинсоф иш берувчилар учун доим тайёр «ўлжа» бўлиб келган.
Ҳурматли ходимлар, қаерда бўлсангиз ҳам ҳуқуқларингизни билинг ва уларни талаб қила олинг! Бундан уялманг ва қўрқманг. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|