«Арсенал» клубининг собиқ акциядори, бизнесмен Алишер Усмонов «Россия 1» телеканалининг ўзига бағишланган интервью-кўрсатувида футбол ҳақида гапирар экан, Тошкентнинг «Пахтакор» клубига қандай муносабатда эканига тўхталиб ўтди.
«Молиявий жиҳатдан гапирадиган бўлсам, даромадимни дўстларимнинг маслаҳатлари билан менинг энг биринчи севимли жамоам – «Пахтакор»га йўналтираман. Мен ҳақиқатан ҳам ўсишни истайдиган одамларга ёрдам бераман» – дея таъкидлади Усмонов.
65 ёшли бизнесмен кўрсатувни суратга олиш жараёнида «Пахтакор» стадионида ҳам бўлган ва майдоннинг ҳолатига баҳо берган: «Майдон чими ажойиб ҳолатда». Журналистнинг «Буни қандай билдингиз, ахир узоқдан туриб кузатяпсиз-ку», деган саволига Алишер Усмонов: «Қанақасига, ахир шу ердан кўриб турибман. Чим яхшилаб ўрилмаган. Ўтлар баланд бўлиб қолган», – дея жавоб қайтарган.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда «Пахтакор» клуби низом жамғармасининг 80 фоизи Алишер Усмоновга тегишли. У ҳозирга қадар клубни ривожлантириш учун 20 миллион доллар миқдорида сармоя киритган.
Шунингдек, аввалроқ 1959 йилда қурилган «Пахтакор» стадиони ўрнида янги арена қурилиши мўлжалланаётгани ҳам маълум бўлган эди. Барча қулайликларга эга, ФИФА талаблари асосида бунёд этиладиган замонавий стадионнинг лойиҳа қиймати 100 миллион долларни ташкил этиши режалаштирилган.
Аввалроқ Алишер Усмонов Англияда спортга сиёсатнинг таъсири ҳаддан ортиқ даражада катта эканини таъкидлагани хабар қилинган эди.