Фиона Гобл
Питер аёлни дарров таниди, у шундоққина ёнгинасида турарди. Кўрган заҳоти қадамини тезлатди, ундан узоқлаша бошлади. Аммо бир-икки одимдан сўнг беихтиёр ортига ўгирилди, аёлга зимдан тикилди. Аввалига аёл уни пайқамади. У дўкон пештахтасидаги буюмларни кузатиш билан овора эди. Питер аёлга яқинлашди ва саломлашиш учун қўлини узатди.
-Салом, Аманда,- дея гап бошлади у мулойим оҳангда.
Питернинг тўғри иш қилаётганига ишончи комил эди. Ҳа, у тўғри йўл тутаяпти. Ўтган шунча йиллар давомида Питер аёл билан боғлиқ ширин хотиралар ичра яшади: хоҳ бекатда бўлсин, хоҳ катта байрам зиёфатларида бўлсин, ҳар бир учрашув, ҳар бир лаҳза унинг хотирасида муҳрланиб қолган.
-Питер!- аёлнинг оғзидан исмини эшитгач, унинг юраги тез-тез ура бошлаганини сезди.
Аёл ҳам уни кўриши билан ўша уларни илк бор учраштирган илиқ ёз оқшомларини ёдга олди… Ўша пайт иккиси ҳам 18 ёш эдилар. Бепаён Клавенден дарёси соҳили бўйлаб сайр қиларканлар, Питер бошини қизнинг кўксига қўйганча усиз бир зум ҳам яшай олмаслигини айтганди.
-Мени таниганингдан ҳайратдаман,-деди Питер аёлнинг қўлидан тутиб.
-Наҳотки? –аёл майин жилмайди. Ахир, уни қандай танимасин? Шунча йилдан буён хаёлидан кетмаган бўлса! –Бу ерга бутунлай қайтмагандирсан, тўғрими?
-Ҳа, ҳалиям Лондонда яшаяпман.
Аманда Питерга зимдан тикилди. Деярли ўзгармабди. Сочлари ўша-ўша. Фақат елкалари бироз кенгайган ва юзи ҳам сал тўлишганди.
-Дафн маросимига келгандим, -давом этди Питер,- отам… юрак ҳуружидан…
-Ҳамдардман.
Аманда Питернинг отаси ҳақида айтганларини эслади: йигит 18 га тўлгунча отаси уни тинмай калтакларди.
-Раҳмат, -деди Питер отасига нисбатан ҳеч қандай туйғуни ҳис қилмаса ҳам. У фақат онасига ачинарди. Шўрлик, отаси туфайли рўшнолик кўрмади.
-Ўйлашимча, сен ҳам бу ерда яшамаяпсан? –сўради Питер.
-Ҳа, мен ҳам Лондондаман. Эртага синглимнинг тўйи, шунинг учун келгандим.
-Жуда яхши, табриклайман.- Питер 12 ёшли дўмбоққина қизни эслади. – Ота-онанг яхшими?
-Яхши, раҳмат.
-Шошилаётганинг йўқми?
-Йўқ, шунчаки айланиб юргандим.
-Ундай бўлса, қаҳвахонага кирсак нима дейсан?
Улар Габи қаҳвахонаси томон йўл олдилар. Илгари бу ерда икки соатлаб ўтириб суҳбат қуришар, кулишар, бир-бирини қўлидан тутганча келажак орзулари ҳақида тўлиб-тошиб сўзлашарди.
Питер қаҳва буюрди.
-Шундай қилиб, Питер, халкаро мухбир бўлдингми? — сўради аёл йигитнинг
саёҳат қилмокчи бўлган ерлари – Ҳиндистон, Марокко, Австралия давлатлари ҳақида эсларкан.
-Унчаликмас, хоҳ ишон, хоҳ ишонма, мен ҳозир судьяман.
-Касбинг ёқадими сенга?
-Ҳа, -алдади Питер, -Сен-чи, ўзинг истаганингдек машҳур рассом бўлдингми?
Питер унинг чизган суратларини эслади. Йигит 20 ёшга тўлганда, Аманда ўзининг суратини чизиб унга туҳфа этганди. Питер суратни ҳалигача асраб-авайларди.
-Йўқ, -аёл жилмайишга уринди. У берган суратим ҳалиям турибдимикин, дея ўйларди. Ўзининг эса расм чизишни ташлаганига анча бўлди. Питер аёлнинг сочларига назар ташлади, бир-икки оқ тушибди. Аммо барибир у гўзал эди.
-Нима билан шуғулланаяпсан, сир бўлмаса?
-Деярли ҳеч нима билан. Унчалик кўп нарсага эришганим йўқ.
-Демак чизишни тўхтатгансан?
-Фақат эшик ва ромларни бўяйман, -кулди аёл.
Питер жилмайди. Аманда у билан коллежни битирган йиллари кўча ўриндиқларида ўтириб расм чизганликларини эслади. Йигит унинг суратларини соатлаб томоша қиларди.
-Лондоннинг қаеридасан? –сўради аёл.
-Шимолида, ўзинг-чи?
-Жанубий қисмида. Ижарага уй олганман.
Аёлнинг ёдига тунов куни ётоғининг тагидан топиб олган мактублар тушди. Питернинг мактублари. Қайта-қайта ўқиб чиқди ўшанда.
-Оҳ, Питер! Мен ўша куни нега кетиб қолганимни тушунмайман.
-Ҳаммаси жойида…
Питер ўша оқшомни эслади. Қиз доимий учрашув жойи- ўзларининг ўриндиқларига келмади.
-Биз ёш эдик. Бу ёшликка хос одат,- дерди Питер айтаётганларига ўзи ҳам ишонмай. У қизнинг уйига юборган хатларини эслади, Амандани қайтаришга уринарди. Питер ўшанда ҳаётида Амандага ўхшаган қизни ҳеч қачон учратмаслигини билганди.
-Сен ҳақсан, Питер. Мен энди борай…
-Тезда-я? Бугун бўшсан, деб ўйловдим.
-Ҳа-я,- аёл кўз ёшларини яширишга уринди.- Онамга тўй тараддудларида ёрдам беришим керак.
-Тушунарли. Балки телефон рақамимни оларсан.
-Майли.
Питер унга рақамини ёзиб берди. Аманда қоғозчани сумкасига солиб қўйди.
-Раҳмат. Хайр.
-Хайр, Аманда…
Йиллар ўтди. Аманда тез-тез рақам йўқолиб қолмадимикин, дея сумкасини очиб, коғозчани текшириб қўярди. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|