Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Банда тўрт нарсага иймон келтирмагунича: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва албатта, менинг Аллоҳнинг Расули эканлигимга, У Зот мени ҳақ ила юборганлигига шаҳодат келтирмагунча; ўлимга иймон келтирмагунча; ўлимдан кейин қайта тирилишга иймон келтирмагунча ва қадарга иймон келтирмагунча мўмин бўла олмайди», дедилар».
Аҳмад, Термизий, Ибн Можа ва Ҳокимлар ривоят қилишган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларида мўмин-мусулмон киши иймон келтириши лозим бўлган тўрт нарсани алоҳида таъкидламоқдалар.
Шу тўрт нарса ичида қадарга иймон келтириш ҳам бор. Ҳадиснинг аввалида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эшитувчига кучли таъсир қилувчи олий услубни ишлатмоқдалар. Яъни «Банда тўрт нарсага иймон келтирмагунча мўмин бўла олмайди», демоқдалар.
Бу комил иймон ушбу тўрт нарсадан иборат, дегани эмас, албатта. Лекин мазкур тўрт нарсага иймон келтириш ўта муҳим эканлигини, буларсиз иймон ҳақида сўз ҳам очиб бўлмаслигини таъкидлашдир. Сўнгра ўша тўрт нарсани батафсил баён қилишни бошлайдилар.
1. «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва албатта, менинг Аллоҳнинг Расули эканлигимга, У Зот мени ҳақ ила юборганлигига шаҳодат келтирмагунча».
Бу тавҳид калимасидир, иймоннинг аслидир, инсоният учун энг зарур нарсадир. Шу нарсага иймон йўқ экан, бошқа нарсаларга ҳам иймон бўлмайди. Мана шу шоҳидлик бўлмаса, амаллар ҳам қабул қилинмайди. Инсоният фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилиши, фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги Пайғамбар деб билиши керак. Аллоҳ у зотни ҳақ дин билан юборганини тан олиши лозим. Ким шуни тили билан айтиб, дили билан тасдиқласа, мўмин бўлади, акс ҳолда мўмин бўла олмайди.
2. «Ўлимга иймон келтирмагунча».
Яъни ўлимнинг ҳақ эканлигини тан олади. Ана шунга ишониб, ўлимни кўз олдига келтириб яшайди. Бу ҳар бир инсон учун вожиб эътиқод эканлигини ва унинг ниҳоятда зарур эканлигини таъкидлашга ҳожат бўлмаса керак. Ўлимга ишонмаган, уни кўз олдига келтириб яшамаган одамдан яхшилик кутиб бўлмайди. Халқ ичида ёмон одамлар ҳақида «Ўлмайман деб ўйлармикан», деган гап юради. Бу унинг ёмонлиги ўлимга иймони йўқлигидан деб билишдандир. Ўлимни эслаш ҳар бир инсон учун ўта зарур бўлганидан ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлимга иймон келтиришни тўртта муҳим нарса ичида, Аллоҳга ва Расулга иймон келтиришдан кейин зикр қилмоқдалар.
3. «Ўлимдан кейин қайта тирилишга иймон келтирмагунча».
Агар бу иймон бўлмаса, ўлимга ишонишнинг ҳам ҳожати йўқ. Ўлгандан кейин қайта тирилишга ишониш бу дунёда қилинган ишларнинг сўроқ-саволига ишониш демакдир. Бу эса ўз навбатида инсонни доимо яхшилик қилишга чорловчи омилдир. Агар дунёдаги ёмонликлар асосан ўлгандан кейин қайта тирилишга иймон йўқлиги ёки унинг заифлигидан келиб чиқади десак, муболаға қилмаган бўламиз. Шунинг учун ҳам ушбу ҳадиси шарифда қайта тирилишга бўлган иймон алоҳида таъкидланмоқда.
4. «Қадарга иймон келтирмагунча».
Бу қадарга бўлган иймоннинг нақадар муҳимлигининг яна бир бор таъкидидир. Бу ҳақда ушбу бобнинг аввалидан бошлаб сўз юритиб келинмоқда.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар ва унинг ҳикматлари юқоридаги фикр-мулоҳазалардан очиқ-ойдин кўриниб турибди. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|