НАРКОКУРЕР
Хабаровскка қатнайдиган поездда йўловчилардан бири наркотик олиб келаётгани ҳақидаги хабар ички ишлар органларига бир неча кун аввал етказилди. Қарангки, Новосибирскдан келган поезд текширувдан ўтказилганда, катта сумкага ўттиз уч килодан кўпроқ опий жойлаб олган одам… Полиция офицери қўлга олинди.
У уч ой давомида изоляторга қамаб қўйилди. Жонидан ўтди шекилли, ҳақиқатни айтишга қарор қилди. Маълум бўлишича, у бир куни поездда кетаётганда номаълум шахс ундан сумкасини бир шаҳардан бошқасига олиб ўтишда ёрдамлашишини илтимос қилди. Полициячи формада эди. Раъйини қайтаргиси келмади. Сумка ичида нима борлигини билиб қолгандан кейин эса, афсуски, кеч эди. Ҳалиги шахс аъзо бўлган жиноий гуруҳ каттаси полиция ходимига бор гапни айтди.
— Мабодо биз билан ишлашдан бош тортсанг, шерикларингга биз тўғримизда айтсанг, ўласан!..
Ана шундан сўнг у жиноий гуруҳнинг ҳақиқий курерига айланди. Формада тез-тез наркотиклар партиясини олиб ўтар, шубҳасиз, хизмати эвазига яхшигина ҳақ оларди…
Қўлга тушгандан кейин бўлса, полициячи ўз ҳамкасбларига бир неча жиноий гуруҳларни қўлга олишда ёрдам берди. Шунинг учун уни судлаб ўтиришмади. Аксинча, оиласи ҳимоя остига олинди. «КЎЗБЎЯМАЧИЛАР»
Благовещенск суди казинодаги ютуқларни қалбаки қарта ёрдамида қўлга киритмоқчи бўлган бир гуруҳ фирибгарлар устидан адолатли ҳукм чиқарди. Уларнинг икки нафари тўрт, бир нафари бир йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Судланувчилардан бирининг айтишига қараганда, қарта айлантириш санъатини телевизор орқали қандайдир кўрсатувни томоша қилгач, ўрганган экан. Ана шунинг натижасида шериклари билан казинога кириб илк бор эллик минг рубл пулни ютиб олади. Албатта, бу ўйинда казино менеджери ҳам иштирок этган. Фирибгарлар унга иштироки учун маълум фоиз ҳақ тўлашган. Лекин менеджер иш чаппасига кетаётганини, казино фойда кўришдан аста-секин маҳрум бўлаётганини кўради-ю, билдирмасдан раҳбарларга шипшитади. Улар ҳам ўз навбатида полиция ходимларини чақиришади. Полициячилар ҳам фирибгарларни қўлга олишга шошилишмади. Аввал уларнинг ўйин усулларини яхшилаб ўрганишди. Энг ачинарлиси, жиноий гуруҳ раҳбари қиз бола бўлиб чиқди. Айнан у ўйиннинг устида турар, шерикларининг ҳаракатларини бошқариб тураркан…
Қиз қамоқ жазосидан ташқари эллик минг рубл миқдоридаги жаримага ҳам тортилди.
БЕГУНОҲ БОЛАНИНГ ЎЛИМИ
Эндигина тўрт ойлик бўлган чақалоқ Сашанинг 21 яшар отаси ичкиликка берилган, бу ҳам етмагандек, хотини билан ичган маҳаллари эски гапларни қўзғарди-ю, жанжал чиқарарди.
Ўша кечаси ҳам Саша ширин уйқуда эди. Ота уйга келгач, яна жанжал кўтарилди. Оёқда зўрға турарди. Бақир-чақир қилди. Сўнгра хотинига мушт ўқталди. Бечора аёл эрининг ота-онасига хабар бериш учун уйдан қочиб чиқиб кетди. Балки ўшалар йўлга олар деб хаёл қилди. Қайтиб келгандан кейин эса… Йўқ, бу кунни, бундай манзарани ҳеч қачон тасаввур қилмаганди. Чақалоқ ўлиб ётар, аъзойи бадани кўкариб кетган, ота бўлса, каравотда бемалол хуррак отарди…
Терговда ота айбини бўйнига олди.
— Мастликда йўргакламоқчи бўлиб кўтаргандим, қўлимдан тушиб кетибди! — дея кўрсатма берди. Бироқ терговчи унинг гапларига унчалик ишонқирамади. Иш давом эттирилди. Жасад қайта-қайта экспертиза текширувидан ўтказилгандан сўнг шу нарса маълум бўлдики, ота ўз ўғлини бўғиб ўлдирган экан.
Маҳаллий прокурорнинг маълумот беришига қараганда, айбланувчи бўйнига қўйилган барча айбларни тан олди.
— Мен маст эдим, — дейди қотил ота. — Бунинг устига кайфиятим расво эди. Онаси уйдан чиқиб кетган. Саша чинқириб йиғлай бошлади. Жаҳлим чиқди. Очиғи, йиғиси шу тобда сира қулоғимга ёқмасди. Шундан кейин… Билмадим… Кайфим таранг эди… Ҳеч нарсани, нима қилаётганимни фарқламасдим… Бўғиб ўлдириб қўя қолдим… Пушаймондаман…
Кейинги пушмондан не наф? Ўз бегуноҳ фарзандини бўғиб ўлдиришгача етган нобакор ота узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|