Аёллар либослари билан савдо қилувчи бутик-магазинга боргандик. Харидорлар борлиги учун четроқда кутиб турган вақтимда бир эркак аёли ва қизига либос харид қилаётган экан.
Тўғрироғи, либосларниям, шарфниям эркак танлаяпти.
Кассада дўкон бошлиғи бўлган аёл ва тўрт нафар сотувчи қизлар бор. Шунча аёлларнинг ичида аёлига қарата шундай деди:
– Тузукроқ шарп-парп ол, қачон қараса, ошхонада ётади нарсаларинг. Кўйлакни кий-чи, кўрай, сал ўзини эплаб киядиганидан ол…
Яна кўп нарса деди, аммо қулоғимга кирмади. Шунчалик нафратландимки… Бегона аёллар олдида ўз жуфтини шунчалик ерга уриши керакми?
Эркак гўё ўзининг мардлигини кўрсатаётгандек ҳисоблаётган бу кўриниш аёлнинг бахтсизлигидир. Ўн ёш атрофидаги беғубор қизчасига ҳам танбеҳ беряпти…
Ичкарига кирганда, дўкон эгасига: "Жуда ёмон бўлиб кетдим, шу ерда тарбиялайдими, бефаросат”, – десам: "Опа, бу ҳолваси, баъзи эркаклар келиб, хотинига ишора қилиб: "Шуни одамга ўхшатиб кийинтириб беринглар, зора тузукроқ кўринса, башарасини қаранг», – каби гапларни айтишади”, – дейди.
"Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлагани учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар… (Нисо сураси. 34-оят)
Ва эркаклар учун аёллардан устунлик берилган "Бошқаришлик, ҳимоя қилишлик ва молини аёлига сарфлашлик юзасидан” (Бақара сураси. 228-оят)
Бошлиқ дегани эса хушхулқ бўлмайдими?
"Мўминларнинг энг имони мукаммали гўзал хулқлисидир. Сизларнинг энг яхшингиз аҳли аёлига яхши муносабатда бўладиганингиздир” (Имом Термизий ривояти).
"Аёллар хусусида Аллоҳдан қўрқингиз. Зеро, сиз уларни Аллоҳдан омонат ўлароқ олгансиз” (Имом муслим ривояти).
Аслида бунақа майда нарсалар ижтимоий тармоқ даражасида ёзилиши ўринсиздир, аммо ҳеч бўлмаса, бу гаплар кимгадир озгина ибрат бўлар деган маънода ёздим, зеро, хушхулқлик иймондандир!