Татьяна Бушуева исмли бу аёл Россиянинг Нижегородск вилоятидаги олис қишлоқлардан бирида яшайди. Қизининг исми Надежда. У ҳам аллақачон қизлик даври ортда қолиб 40 ёшдан ўтган. Тан олиб айтишича, онаси уни ташқи олам хавфидан асраш ниятида 26 йил давомида уйга қамаб, мушуклар билан яшашга, улар билан овқатланишга мажбур этган.
— Дастлаб жуда-жуда кўчага чиққим, дугоналарим билан ўйнагим, суҳбатлашгим, сирлашгим келарди, — дейди Надежда. — Лекин йиллар ўтгани сайин кўчага чиқишни ўзим ҳам хоҳламайдиган бўлдим. Тутқунликдаги ҳаётга кўникдим…
Бу ҳақда жамоатчилик аёл шифохонага тушиб қолгандан кейин хабар топди. Айтишларига кўра, ҳозир Надежда 42 ёшда экан. Унинг на паспорти, на иш жойи, на ҳаётий тажрибаси бор. 8 синфни тамомлагач, тутқунликка маҳкум қилинган экан. Она-бола қишлоқда ҳеч ким билан муносабат юритмаган. Умуман ташқи дунёдан узилган ҳолда яшаб келган. Қишлоқдошларга халал ҳам бермаган. Кўп маротаба ижтимоий ҳимоя ташкилоти ходимлари ёрдам кўрсатиш учун шу хонаданга келган. Лекин озиқ-овқат, кийим-кечакларни ёрдам сифатида қабул қилиб олишган-у, ўзларини ичкарига киритишмаган.
Ўтган ҳафтада онаси Татьяна Бушуева хасталаниб қолди ва уни касалхонага олиб кетишди. Шундан кейингина Надежда 26 йил деганда илк бор ташқарига чиқди. Чиқди-ю, маҳаллий раҳбарларга мурожаат этиб, унга ҳужжат олишда, ишга жойлашишда ёрдам беришларини сўради.
Яна бир нарса маълум. Надежданинг онаси Татьяна Бушуевани 2006 йили психиатр текширувидан ўтказишган. Руҳий жиҳатдан соғлом экани аниқланган.