Телефон жиннисиман. Дўкондами, бозордами, янги телефон кўриб қолсам, тамом, ғимирлаб қоламан, юрагим бошқача уриб, юрсам ҳам, турсам ҳам ўша қурмағур кўз олдимда айланаверади. Эҳ, шунчадан бери қанақа телефонларни ишлатиб ташламадим! Лекин барибир кўнглим тўлмади. Ниятим битта. Айфонга етишиш. Афсуски, аканг қарағай қанчалик ишқибоз бўлмасин, бу телефонга кучим етмасди. Чўнтак кўтармасди. Айфонни тушларимдагина сотиб олар, ҳаммага мақтанардим. Тушлар ўнгидан келиши мумкинлигини Янгиобод бозорига борган куним билдим. Қарасам, қатор телефонлар сафини безаб орзумдаги Айфон турибди. Бир муддат унга ҳавас билан тикилиб турдим-да, гўёки ҳозироқ сотиб олмоқчи бўлган одамдек сотувчидан нархини сўрадим.
— Юз эллик минг сўм, — жавоб қилди сотувчи.
— Нима? — қулоқларимга ишонмай қайта сўрадим мен. — Қанча дедингиз?
Сотувчи мени қимматсиради деб ўйладими жавобини такрорлаб, кетидан қўшиб қўйди:
— Юз эллик минг сўм-у, лекин ками бор, ака!..
Хурсандлигимдан додлаб юбораёздим. Ахир… Бу жудаям арзон-ку! Дўконда айфон икки-уч милён туради. Бу эса… Тўғри, Хитойники экан. Аммо афт-башараси, ҳусни-жамоли дўкондаги икки милёнликдан сира қолишмайди. Катталигиям, тугмачалариям, жозибасиям ўша-ўша!..
Хуллас, бир юз йигирма минг сўмга орзумдаги айфонни сотиб олдим. Кўчага чиқарканман, атайин айфонимни қўлимда ушлаб, барчага кўз-кўз қилардим.
Автобусга ўтирдим-у, мақтангим келиб хотинимга СМС ёзиб юбордим. Негадир жавоб келавермагач, ММС ёзишни маъқул кўрдим. Айфонлар Интернетга мослашган, ММС лар жуда тез ва аниқ кетади деб эшитгандим. Ўзимнинг суратимни танладим-да, остига «Сени жудаям севаман» деган сўзни тиркаб хотинимга юбордим. Бироздан кейин жавоб келди. Аммо хотинимданмас, қандайдир Адалат деган аёлдан. У менга «Аҳмоқ» деб жавоб ёзибди. Ҳайрон бўлиб, унгаям жавоб ёздим.
«Мени ҳақорат қилманг! Хотинимгайди бу ММС, адашиб сизга тушиб қолибди! Мен сизни танимайман…»
Бироздан сўнг тағин ўша Адалатдан жавоб келди.
«Затў мен сени яхши таниволдим. Агар яна бир марта аҳмоқлик қилсанг, эрим сени шунақа севиб қўяди, шунақа севиб қўяди…»
Ўша-ўша орзумдаги айфоннинг СМС, ММС ларидан фойдаланмай қўйдим.
Бу ҳам етмагандек, айфонимнинг музикасиям ўзимга ёқмади. Жуда бақироқ ва дағал экан овози. Музикасини уладим дегунча, собиқ қайнонамнинг товуши келгандай бўлаверади. Раҳматли қайнонамниям товуши шунақа дағал ва кучли, ёқимсиз эди. Ҳафсалам пир бўлиб музикаям эшитмай қўйдим.
Яқинда хотиним «Ойимдан бориб хабар олинг» деявериб ҳол-жонимга қўймади. Очиғи, бу қайнонамнинг минғир-минғири ёқмасди. Хотинимнинг раъйини қайтаролмай, қайнонам яшайдиган уйгача бордим. Локигин шайтон «подъезди ёнига боргин-да, бошқа ёққа бурилиб кет, хотинингга «Ойинг уйда йўғакан» деб баҳона қиласан» деяверди. Шундай қилдим ҳам. Қарангки, энди бошқа ёққа бурилганимни биламан, айфонимнинг «Навигатор»и ишлаб кетди-ю, баланд овозда «Сиз манзилдан адашдингиз, чапга юринг» дейди-я, вей!..
Буям майли. Шу айфонни сотиб олгандан бери қўнғироқ қилишдаям сарсонман. Масалан, бир куни ярим тунда хотинимнинг мазаси қочиб «Тез ёрдам чилар олиб кетишганди. Эртасига айтилган баннисага қўнғироқ қилдим.
— Кеча сизларга бир мижозни олиб келишганди! — дедим мулойим овозда.
— Ҳа-а, ўша сизга тегишлимиди? — сўради дағдаға билан бегона эркак. — Кечаси билан адабимни берди-ку! Мўйловини оламан дейишимни биламан, бир ҳурди, бир ҳурди!..
— Вей, ҳақорат қилманг, — дедим жаҳлим чиқиб. — У… Ҳурмайди… Одам… Ундан кейин… Мўйловиям йўқ!..
— Майли, майли, хавотир олманг! — мени тинчлантирган бўлди эркак. — Асосийси, тез орада кўпайишадиган бўлиб турибсизлар! Етти забардаст ўғлон туғилади!
— Нима? — эсхонам чиқиб кетаёзди. — Етти ўғлон?.. Оғзингизга қараб гапиринг! Қ-қаердан орттира қолибди шунча ўғлонни? А-ахир…
— Мен қаердан билай? Кўчага ҳайдаб солган бўлсангиз, топгандир-да ўзига муносибини!..
Шундан кейингина мен аҳмоқ гапираётган ветеринарлигини билиб қолдим. Билдим-у…
Айфонимдан кўнглим қолди. Ҳозир унга қарагим ҳам келмайди…
Тўғрисини айтсам, ҳозир «Самсунг-Гелекси» деганлари модадаймиш. Яхшиси, ўшандан оламан. Хитойлик айфонимни эса қўшнимга ҳадя қиламан. Айфон туфайли асабим бузилган пайтларда роса устимдан куларди. Ўзиям бир қийналсин!