Менга ақл ўргатманг!
Одамлар «фалончи сўрашмай ўтиб кетди-я! От устида-да!», деганларини эшитгансиз. Маънисини биласизми? Негаки, отнинг обрўси бор. Ёлининг ўзи дунёни сўрайман дейди. Узун думини-ку, айтмай қўя қолай. Аммо гоҳо алам қилади. Бутун умрингни қора терга ботиб кечирасан, еласан, югурасан, зил-замбил араваларни тортиб кўча кезасан. Хўжайиннинг кўнгли учун кўпкарига бориб катта-кичик, ориқ-семиз отлар орасидан улоқни олиб чиқасан. Эганг қўшнисига «Мана, бизнинг айғир зўр қази бўладиган хилидан! Бунақаси фалончидаям йўқ» дея мақтанганларини тек туриб эшитасан. Бўй йигитлар севган қизининг олдида хижолатга қолмасин деб, одам қараса дўпписи бошидан тушиб кетар даражада баланд чўққиларга, қирларга бир нафасда чопиб чиқасан. Эшаклар куч-ғайратингни кўриб мулзамликдан бош эгишади. Хўжайиннинг ўғли аҳён-аҳёнда тезлигингни текширмоқчи бўлади. Яйловда туриб имтиҳондан ўтасан. Бақиради. Бу ҳайқириқниям сўзсиз илғашинг шарт. «Кишна» демоқчи бўлганини англайсан-да, икки оёғингни баланд кўтарганча кишнайверасан. Кишнамай қаергаям борардинг? Хўжайин, барибир хўжайин-да! Мукофоти-чи? Қуриган беда ёки похол, шунга қўшимча, боя айтганим обрў бўлади. Беда ва похол охурингда қалашиб ётганини кўрасан-у, тош қотасан. Алам зўр келиб ўша емишларни кавшана-кавшана чайнайсан. Эганг бўлса, сен бор ўчингни қуриган бедадан олаётганингда, кимгадир сенга берган мукофотини мақтай бошлайди. Униям эшитасан. Фақат, қарши сўз айта олмайсан. Сабаби, шу мукофотданам қуруқ қолишинг мумкинлигини биласан. «Ахир, баъзи айғирларнинг хўжайинига ўхшаб ҳадеганда калтакламайди, емсиз қўймайди!» дейсан-у, тилингни тиясан.
Хато Менам жа фариштамасман. Баъзида хато қилиб тураман. Охирги хатом ҳаммасидан ошиб тушаёзди. Хўжайин бўлса-ку, индамасди. Кулиб қўя қоларди. Хотинчасидан қатттиқ туртки едим. Ахир, алам қилади-да! Ҳар куни мени оғилхонадан олиб чиқиб томорқага бойлашади. Айвонда телевизор турибди. Томорқадан кафтдай кўриниб туради. Хўжайка худонинг берган куни эрталаб телевизорга тикилгани тикилган. Овозиниям варанглатиб қўяди. Корейсми-ей, японми-ей, ишқилиб шуларнинг сериалини кўрармиш. Шунчалик қизиқмикан деб бир-икки мўралаб ҳам кўрдим. Қаёқда? Қанақадир пакана, кўзлари қисиқроқ, майда қадам эркаклар бир-бирини қилич олиб қуваркан. Орқаларидан ўзлариданам пакана хотинлари нималардир деб шанғиллашади. Хуллас, эркак қилич кўтариб чопади, аёл шанғиллашдан тийилмайди. Жонимга тегиб кетди. Чидолмадим. Ҳа энди эркак ўз ўрнида қолиши керакми-йўқми? Қўлингда қилич турибди, хотин қуриб кеткур шанғиллаганда, бир сермаб қўй, қўрқмасмикан?!. Қўрқади! Тили тортишиб, иккинчи марта шанғиллаб сени беҳурмат қилмайдиган бўлади. Мана, менинг бияларимдан биронтаси орқамдан бемаврид кишнаб кўрсин, нима қиларканман! Юмшоқ ерига бир тепама-ан, эшакнинг кунига тушиб қолади.
Гапнинг индаллоси, ўша куни қулоғим қоматга келди. Кўзи қисиқ хотинларнинг шанғиллайвериши асабимни бузиб кишнаворибман-да! Қолдим балога! Хўжайка тура солиб қўлига каттакон кетмонни олди. Қарасам, ростакамига савалайдиган!.. Ура қочдим-а! Азбаройи қўрқиб кетганимдан, арқонни тенг ярмидан узиб қочибман. Тўғри-да, сизам ўша кетмондан белингиз аралаш бир татиб кўринг, биласиз! Ўша-ўша хўжайкани кўрсам тилимни тияман. Сериалдаги хотинлар шанғиллаб нервимни бузса, пашша қўриган бўлиб бошимни силкита-силкита ўзимни чалғитаман! Локигин, мен тарафга чопиб келаётиб «Ҳе ҳанграмай ўл! Оғзингдан қонинг келсин!», деб қарғагани ҳалигача алам қилади. Тўғри, бир кун туғилмоқ, бир кун ўлмоқ. Нолимайман, кетимда қоладиган тойчоқларим кўп. Гўштга тортилиб, қайсидир окахоннинг айвонида қазиларим осилиб турса, хафа бўлмасдим. «Ҳанграш» деган сўз фаросатимни фақирлаштираёзди-да! Бир неча соатгача «ўзи айғирманми, эшакманми?» деб ич-этимни едим.
Айғирнинг муҳаббати
Биз айғирларнинг бошқа жониворлардан фарқимиз шундаки, муҳаббат бобида ўта мағрурмиз. Дид қурмағур жа нозик. Бияниям инжиқлик билан танлаймиз. Танласаг-у, шайтоннинг йўриғига кириб хиёнат қилиб қўйса, кечира олмаймиз. Ўша хиёнаткор бия ҳаётда ёнимизга яқинлаша олмай ўлиб кетади.
Тўғри, эркак қирчиллаб кучга тўлган маҳал яхшисиям, ёмониям унга кўз сузиб кўраверади. Масалан, менгаям биялар уёқда қолиб, ҳатто эшакойларам кўз сузишган. Аммо мен уларга шундоқ қараганман-у, «Хоним, хафа бўлманг-у, сиз менинг вкусимга ваабще тўғри келмайсиз! Аёл деган сал ўзига қараб юради-да!» деб танбеҳ берганман. Ким билсин? Балки хафа бўлишгандир? Афсуски, мен гигиенага амал қиладиган бияларни севаман.
Яйловда
Асл ҳаётни кўрмоқчи бўлсангиз, яйловга чиқинг. Бу ер нақ сайилга айланади. Пашшадан тортиб қумурсқагача, сигир-бузоқдан тортиб, қўй-эчкигача шу ерда. Фақат бу ердаям нервим бузилаверади. Фаросатсиз жониворларга қараб туриб, азбаройи жаҳлим чиққанидан, кутилмаганда чопа бошлайман. Қанийди, оёғимга арқон бойламаган бўлишса, бошимни олиб узоқларга кетиб қолардим…
Қаранг, анави ҳўтикни кўринг. Устига олақанотлар ўтириб олибди. Миқ этмайди-я!
Қўй-эчкиларни-ку, айтмай қўя қолай. Ҳаммаёқни ифлослантириб ташлаганлари етмай, маърагани-маъраган. Нима етмайди ўзи буларга? Яйлов тўла ўт-ўлан бўлса! Тилни тийи-иб ризқини териб еявермайдими? Ўзи-чи, жонивор дегани майдалашгани сари ношукр, шанғи бўлиб боравераркан!
Тўёна
Бугун бизникида катта тўй. Хўжайиннинг қизи тўнғич ўғлига суннат тўйи қиляпти экан. Тўй баҳона мениям сўфи азон чақирмай уйғотиб юборишди. Бироқ сира афсусланганим йўқ. Қаторга кирганимдан, шундай обрўга эга бўлганимдан қувондим. Чунки тўнғич тойчоғимни хўжайин неварасига тўёна қилиб олиб бораркан. Хурсанд бўлганимдан кўзларимга ёш келди. Наҳотки, менам кап-катта эркак бўлиб, тойчоғимни тўёналарга тортиқ қилсам? Тойчоққинам хўжайиннинг эркатой неварасини миндириб ирғишласа, қувончдан юрагим ёрилиб кетмасмикан? Эҳ, қанийди тойчоғимнинг шу яхши кунларини бия онаси кўрса!.. Бечора эрта ўлиб кетди. Тойчоғининг орзу-ҳавасини кўролмади. Майли, илойим яхши одамларнинг айвонига қази бўлиб тортилсин!.. Йўқ, йиғламайман, йиғламайман! Ахир, биз айғирлар мағрурмиз! Омон бўлинг! Сизам албатта тўйимизга ўтинг! Янги сўйилган айғир гўшти билан меҳмон қилишади! Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|