Ривожланиб бораётган замонда, аёлларнинг ҳусн меъёрлари ҳам ҳаракатда бўлади. Бугунги кун кишилари ўз ташқи кўринишидаги камчиликларни замонавий технологиялар, турли косметик воситалар ёрдамида беркитиш имкониятига эгадирлар. Бироқ ўтган асрда яшаб ўтган актриса ва аёл ижодкорлар саҳнага фақат ўзларининг табиий чиройига ишонган ҳолда чиққанлар. Бу каби гўзаллар қиёфаси эса бугунги куннинг замонавий аёллари ҳавасини келтириши ҳам айни ҳақиқиат.
Мафтункор актриса Грейс Келли фаолиятини атиги 4 йил давом эттирган. У 1952 йилдан 1956 йилга қадар кино оламида фаолият олиб борган. Актрисанинг номзоди ушбу давр ичида иккита номинация бўйича "Оскар” мукофотига қўйилган. Юлдуз "Қишлоқи қиз” фильми учун мукофотни қўлга киритган. Грейс Келли авсонавий Альфред Хичкокнинг 3та фильмида суратга тушган. Актриса ўз муҳаббати учун фаолиятига нуқта қўйган.
Монаконинг буюк князи Ренье III рафиқасининг фильмларда суратга тушишига қаршилик қилган. Улар 3 нафар фарзанднинг ота-онасига айланишган. Грейс Келли 52 ёшда автомобил ҳалокати оқибатида дунёдан кўз юмган.
Ўз вақтида Одри Хепбёрн Голливуднинг энг гўзал, замонавий ва талабгир актрисаларидан бири бўлган. Уни Америка кино оламидаги энг яхши актриса деб ҳам аташади. Юлдузнинг ошиқлари сон-саноқ билмасди. Одри жуда ўқимишли инсон бўлиб, 6 та тилни билган, адабиётга жуда қизиққан. У ўзининг фаолияти давомида 32 та фильмда суратга тушган. Уларнинг энг машҳурлари эса "Рим таътиллари”, "Менинг соҳибжамол ҳонимим”, "Уруш ва тинчлик”, "Шарада” кабилар бўлган. Одри Хепбёрн ичак саратони касаллигидан вафот этган.
Голливуднинг энг соҳибжамол актрисалари ҳақида сўзлай туриб, Мэрилин Монрони ёддан чиқариш мумкин эмас, албатта. Мэрилин Монро ўз даврининг мода тимсолига айланган, жозибаси билан барчани мафтун эта олган ва шоирлар шеърларига мавзу бўла олган мафтункор актриса эди. Мэрилин Монронинг шуҳрати бугунги кунга қадар етиб келгани ҳам бежизга эмас. Мэрилин Монро ижодий фаолияти давомида 28 фильмда суратга тушган. Актриса жуда эрта 36 ёшида оламдан кўз юмди. Уни Лос-Анжелесдаги уйидан жонсиз ҳолда топишган. Ўлимига сабаб эса кўп миқдорда ичилган уйқу дори бўлган экан.
"Шамолларда қолган ҳисларим” сериалидаги Скарлетт О’хара роли билан барчага танилган Вивьен Ли Голливуднинг энг яхши актрисаларидан бири бўлган. Орсон Уэллс кунларнинг бирида актриса ҳақида унинг аср давомида дунёга келадиган ва бутун дунё нигоҳини ўзига ром эта оладиган аёллардан эканлигини айтган эди. У барча режиссёрларнинг орзуси бўлишига қарамай ижоди давомида атиги 21 та фильмда рол ижро қилди. Улар орасида "Шамолларда қолган ҳисларим”, "Анна Каренина”, "Орзу трамвайи” каби асарларни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Вивьен Ли 53 ёшида сил касаллиги сабаб оламдан кўз юмди.