Ҳўкизлар улфатчилик қиларди. Қадаҳ сўзи айтиш навбати навқирон ва келишган, мағрур Олаҳўкизга етибди.
— Ҳурматли ҳўкизлар, — гап бошлабди Олаҳўкиз. — Сизларга қараб туриб бир воқеа эсимга тушиб кетди. Яқин ўтган замонда «Жамалакой» деган ғунажин яшаган экан. Жамалакой ҳаддан зиёд гўзал, елиндор, ҳар қандай ҳўкиз ҳавас қилса арзийдиган даражада кўҳлик, тоғлардаги шаршарани эслатувчи думи туёғини ўпаркан. Аммо мана шу кўҳликлигидан қувониб унча-мунча ҳўкизни назарга илмаскан. Ғунажин ҳадеб ноз қилаверса, ҳўкизларнинг ҳам ҳафсаласи пир бўлади-да! Охири турмушга чиқа олмай, қариғунажин бўлиб қолибди. Кечалари оғилхона туйнугидан бошини чиқариб, ҳеч кимга эшиттирмай, худодан ўзига садоқатли, кайфиятини бузмайдиган, ҳеч қачон сузмайдиган ҳўкиз сўраб ёлвораркан. Худойим раҳмини ебди. Кунларнинг бирида келбатли, ўзи орзу қилганидек ювош, мағрур, сузмайдиган «Тарғилбой» деган ҳўкизга турмушга чиқибди. Кунлар ўтаверибди. Жамалакой ҳадеганда ҳўкизининг атрофида парвона бўлар, у эса негадир бошқа ҳўкизлар каби ёрига хушомад қилавермас, ўта жиддийлик билан қараб туравераркан. Жамалакой ҳўкизининг бу ҳолатини кўриб тамом бўлаёзибди. Нега у эркалай қолмаслиги, ортидан яйловни чангитиб қувмаслигидан куйибди ва кунларнинг бирида миясига бир фикр келибди.
«Ҳойнаҳой, Тарғилбой акам Саманой сартарошга қатнамаслигимни кўргач, мендан совий бошлабди шекилли. — ўйлабди, ўзича. — Ҳозирги ҳўкизлар сигирнинг чиройига учади-да! Ўзига оро берадиган, модний сигирларга қарайди-да! Мен аҳмоқ буни ўйлаб кўрмабман!..»
Жамалакой шундай хаёллар билан ҳўкизига билдирмай, бир куни Саманой сартарошнинг фермасига жўнабди. Саманой унинг узун думини қирқиб «каре» қип қўйибди. Жамалакой ўз оғилига қайтаркан, оғзи қулоғида эди. Эндиям ҳўкизи хушомадга кўмиб ташлашига сира шубҳа қилмабди. Бахтга қарши бу гал ҳам адашибди. Тарғилбой унинг «каре» қилинган думини кўрибди-ю, жон-жаҳди билан мўъраворибди. Шохларини оғилхона деворига ура-ура шаталоқ ота бошлабди.
— Нима қип қўйдинг, товуқмия? — деб бўкирибди ҳўкизи. — Мен, ахир, узун думингга маҳлиё бўлганим учун сени дегандим! Энди… Энди алвидо!.. Фаросатсиз сигир!..
Шундай дебди-ю, Тарғилбой Жамалакойни ташлаб кетибди…
Ҳурматли ҳўкизлар, келинглар, мана шу челаклардаги сувни сигирларимиз ҳеч қачон узун думларини «каре» қилдириб қўймасликлари учун ичайлик! Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|