Бозорчи хотинга ўхшар бу дунё, Меҳр, қалб, орни ҳам пулга сотади. Ҳолим харобидан кўйлаклар кийиб, Севгим саробидан сирға тақади. Муаллифдан.
Бу ҳамиша сокинлик ҳукмига бўйсунувчи хилқатга кирган одамнинг бир марта бўлса-да юраги увишиши, нафасидан безовталик тафти уфуриши тайин. Мен ҳам бу кабилардан мосуво эмасман. Афсус…
Қаторасига дўмпайган гўрларга гоҳ афсус, гоҳ қўрқув ила истар-истамас нигоҳ ташлайман.
Билмадим… Бу гўрларга кирганларнинг бирлари фариштадек пок, бирлари аксинча шайтон йўриғига юрган одамлардир. Нима бўлмасин, кимлар ётган бўлмасин, мурдалар мана шу ёруғ деб аталмиш, бироқ зулматдан-да баттарроқ рўё-и дунёга бегона бўлган. Катта-кичик, ланж-у тетик, яхши-ёмон, гўзал-у хунук руҳлар қадр берган-бермаган, асраган-асрамаган танасини қаро ерга ишониб топширган-у, арши аълога йўл олган. Кетган-у, танасидан-да тез-тез хабар олишни унутган. Тошга айланган таналар бир умр ҳамроҳлик қилган, қўлларидан етаклаб не-не масканларга олиб борган ўша руҳларни кутади…
Алам қиладигани шуки, биз тириклар марҳум ва марҳумаларни қабрга қўямиз-у, унутамиз. Ёш, ўрта яшар, ҳатто, ёшимиз элликдан ошгач ҳам ўзимизга умр йўлдоши қидира бошлаймиз. Ваҳоланки, кечагина биз дунёда энг яқин, топилмас, қимматли деб билган, ҳар гапнинг бирида муҳаббат изҳор қилиб чарчамагандик. Ундан бўлак ер юзида суянчиғ-у овунчоқ йўқлигини айтиб қасамлар ичгандик. Энди эса барчаси унут бўлибди. Изҳорлар, меҳр-оқибат-у қасамлар ҳавога учибди-ю, янги йўлдошга меҳримизни бера бошлабмиз. Хўш, шуни муҳаббат деб бўладими? Шуни марҳумнинг руҳига ҳурмат, иззат, шафқат деб бўладими?..
Тўғри, орамизда ёстиқдошини ёш пайтида қаро ерга қўйиб, умрининг охирига қадар фақат унинг ёди билан яшашга тайёр турганлар ҳам бисёр. Аммо уларни ҳам ўзимиз йўлдан урамиз. Бизни рад этса ҳам, койиб ташласа ҳам, бизга нафрат оловини сочса ҳам қайтмаймиз. Ўлган ўлиб кетганини, тириклар яшашда давом этиши шартлигини, кимнингдир қалбини меҳри ила илитиши кераклигини таваллолар қилаверамиз. Оқибатда яна хиёнат, худбинлик, меҳрсизлик, шафқатсизлик ғолиб бўлади. У тақдирга тан беришга мажбур эканман деб ўйлайди-ю, жондан азиз инсоннинг руҳи кира олмаслиги учун қалбини қулфлашга аҳд қилади. Надоматлар бўлсинки, у энди бошқа бировнинг хаёли билан яшай бошлайди.
Марҳум ва марҳумалар-чи? Улар ғафлатда эмасдилар, ахир! Кутардилар, умид қилардилар! У бўлса қабристонга оёқ босмай қўяди. Аросатда қолган руҳ тошга айланган танаси тепасига келади-ю, чинқираверади. Оҳлар ураверади. Унсиз йиғлайверади. Меҳрсиз, шафқатсиз, инсофсиз, тавфиқсиз, оқибатсиз, хабарсизгинасига ёлвораверади, ялинаверади. У-чи? У марҳумгинасини кўрмайди, эшитмайди, ҳис этмайди. У омонатига-да ярамас бировнинг кўнглини олишдан бўшай олмайди.
Кунларнинг бирида биров менга «Одам ўлгач, турмуш ўртоғига ҳаром саналади», дея айтганди. Шу биргина гап менинг нақ кўксимни тешиб ўтганди. Беҳисоб астағфириллолар келтиргандим. Кўнглим оғриганди. Ўша «билимли» кабилардан нафратланиблар кетгандим…
Ахир, нега бир ёстиқдоши жонини Оллоҳга топширса, иккинчисига ҳаром бўлиши керак? Нега? Муҳаббат, меҳр-оқибат, шафқат, диёнат энг покиза туйғулар эмасми?..
Афсуслар бўлсинки, ўша «билимли» менинг шу тахлит саволларимни жавобсиз қолдирганди…
Аввало Оллоҳдан сўрайман! Марҳум ва тирикликда қолган ёстиқдошларни бир-бирига ҳаром қилмаслигини ёлвориб сўрайман. Ер юзидаги бандалардан руҳларга содиқ қолишларини сўрайман. Токи марҳум ёки марҳуманинг безовта руҳи мана шу сокинликдангина иборат гўристонга келиб тошга айланган танага ўзини уриб зорилламасин, йиғламасин, оҳ чекмасин! Бир-биримизга ўлгандан кейин ҳам садоқатли, шафқатли, оқибатли, уятли, номусли бўлиблар қолайлик, илтимос!
Астағфирилло!!! Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|