Вақт хуфтонга яқинлаб, катта серқатнов йўлдан одамларнинг оёғи тийилди. Машиналар қатнови камайди.
Шаҳардан чиқаверишдаги насронийлар қабристони ҳам зулмат исканжасида қолди. Фақат қабристон ичкарисидан ёввойи мушукларнинг чўзиб миёвлаши, дайди итларнинг аҳён-аҳёнда ҳуриб қолиши қулоққа чалинади.
Шу паллада яккам-дуккам ҳовлилар жойлашган тарафдан қаддини букчайтириброқ олган қора кўйлакли кимса атрофга жавдирай-жавдирай, олдинга интиларди.
У бир ой олдин қамоқдан келган Тилаволди ўғри эди. Келгандан бери асаблари таранг, на хотини, на болаларининг товуши ёқади. Ўзича турли режалар тузиб кўради. Чўнтакни қаппайтириб барларга, чойхоналарга қатнагиси келади.
Сира ўхшамади. Режалари хом чиқиб қолаверди…
Уч йил олдин бозорда ўтган-кетганнинг киссасини кесишга бинойидек ўрганиб олганди. Қамоқдан чиқиб қараса, бозорни «зўрлар» эгаллабди. Сиғдиришмади. Ҳақ талаб қилишди.
Бу гапларни эшитиб, Тилаволдининг ҳафасали пир бўлди. «Ўргилдим сендақанги зўравонлардан, — ўйлади ўзича бозордан истар-истамас чиқиб кетаётиб. — Ким бўлибсанки, сенларга ҳақ берсам?.. Гадонинг душмани гадо деб шунга айтишса керак-да! Ҳали дунёни таниб-танимайдиган жўжахўрозлар қирққа кирган мендай ўғрини менсимади-я!.. Майли, кўрармиз. Барибир бир кунмас бир кун чучварани хом санайсанлар! Бир-икки сўмли бўлволай, ўшанда гаплашаман сенларминан!..»
У хаёлан сўкина-сўкина аламдан чиққан каби қабристон рўпарасида тўхтади ва яна бир карра орқа-олдига назар ташлади.
Бу маҳал кўчада зоғ учмаслигини билса-да, эҳтиёт шарт чўнтагидан наша ўралган папирос донасини чиқариб четроқдаги бекатга ўтди.
Бу ер умуман кўздан пана. Бир пайтлар шу бекат ён-верида болалар билан беркинмачоқ ўйнарди. Жуда бўлмаганда ўзи каби бекорчи жўраларини йиғиб қартабозлик қиларди.
"Яхшиям турмада ўша Иван билан дўстлашган эканман, — ўйлади Тилаволди кал бошини силаб-силаб олгач, папиросни тутатаркан. — Худди аҳволимни пайқагандай ўзи қўнғироқ қилди занғар. Ўзиям чўрткесар йигит-да!.. Йўқса, қўшни давлатнинг кимсасиз саҳроларида юк машиналарини тунамасди. Қайтмас бола, қайтмас!..”
У наша ўралган папиросни чўзиб-чўзиб тортди. Тутун таъсирида бир неча марта йўталди. Йўталидан хавотирланиб теваракка безовта аланглади. Ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, ердаги ускуналар жойланган халтачани қўлига олди.
Амалга оширажак хавфли юмушини олдиндан тасаввур этишга уринди.
Кайфи таранглаша бордими, юрагида безовталик, қўрқув ҳиссини туймади. Аксинча тезроқ шу ишни уддалаш, киссани қаппайтириш пайида бўлди.
* * *
Қабристон яқинда бунёд бўлгани боис ҳали атрофи ўралмаганди.
Тилаволди ёдгорлик тошлари қўйиб-қўйилмаган қабрларни оралаб йўлак охиригача борди.
Ора-сирада олдидан югуриб ўтиб қоладиган ит, мушуклар кайфини бузиб, сўкинишга, асабийлашишга мажбур бўлди.
«Ишқилиб, Иваннинг айтгани рост бўлсин! — кўнглидан ўтказди Тилаволди лаб тишлаб. — Мурданинг оғзи тўла тилла тиш, қўшним эди. Ўтакетган баттол, мени мелисаларга тутиб берган ҳам ўша, албатта ўчимни ол, жўра!» деганди. Иван алдамайди. Майли, уям аламидан чиқади. Мен бўлсам, бир нимали бўламан. Билиб ўтирибдими биров. Тишларини суғуриб оламан-у, жойига кўмаман. Сих ҳам, кабоб ҳам куймайди…»
Шайтон йўриғига тушган Тилаволди шу тобда гуноҳ, жиноят каби тушунчалар ҳақида ўйлайдиган аҳволда эмасди. Миясида фақат пул, кайф-сафо иштиёқи жўш урарди…
Қидира-қидира ниҳоят айтилган қабрни топди. Тупроқ янгилигига қараганда, ҳақиқатан жасад дафн этилганига бир ҳафта бўлмаган. Бунинг устига қабртош ўрнатишга ҳам улгуришмабди.
Тилаволди обдон керишиб олди-да, халтадан ускуналарни чиқариб енг шимарган кўйи ишга тушди.
Гоҳи-гоҳида қаддини ростлаб, тўрт томонга аланглашни-да унутмади.
Ора-сирада ковлашдан тўхтаб, сигарет тутатган бўлди. Лекин вақт зиқлиги, тезроқ мақсадга етиш лозимлиги ёдига тушди дегунча сигаретни бир четга ирғитиб тағин кетмончани қўлига олди ва ишга шўнғийверди…
* * *
Тобут жуда қаттиқ маҳкамланибди. Айланасига мих уриб ташлашибди. Мато ҳам бақувват дарахтдан ясалганми, қанча уринмасин, қопқоғи очила қолмасди…
Лекин Тилаволди ҳам бўш келмади. Ҳали теша, ҳали болғани ишга солиб охири қопқоқни михлардан бўшатди ва юқорига кўтаришга тутинди…
Шу тобда тобут ичидан юзи аралаш нимадир вағиллаганча урилди…
Ўғирлик қилаериб, бети, эти қотган Тилаволдининг эси оғиб қолаёзганди…
Бир неча дақиқа юзига нима урилгани, овоз аслида ниманикилигини англай олмай карахтланганча тобут тепасида ўтириб қолди…
Сал ўзига келгандан сўнг шоша-пиша чўнтагидан бир дона папирос чиқариб тутатди…
— Яхшики шу нарса бор, — шивирларди Тилаволди тиззалари дағ-дағ титраб. — Ҳозир… Ҳозир ўтиб кетади, ҳа!.. Мен қўрқмайман! Онасини Учқўрғондан кўрсатаман ҳаммасини!..
Ҳақиқатан, қора оғу бирпасда ўғрига янги куч, юрак ато этди ва қутидаги мурданинг устига энгашиб, гугурт чақди.
«Ў, — кафтларини бир-бирига ишқалаб қўйин чўнтагидаги омбурни қўлига олди Тилаволди. — Иван рост айтибди. Ҳамма тиши тилла экан. Ялтираб туришини буларни!.. Йўқ, йўқ, сизлар ер остида ётсангиз ярашмайди. Кў-ўп қоғоз пулга, долларларга айланасиз. Чўнтагимни безайсиз!.. Ҳаётимни жаннатга айлантирасиз!..»
Шундай хаёллар билан Тилаволди жазава аралаш тилла тишларни суғура бошлади…
* * *
Қалбига меҳр, муҳаббат, инсонийлик туйғулари буткул бегона, юз-кўзларига ёвузлик нуқси урган Тилаволди кемшик тишлари орасидан қур-қур ерга чирт этиб тупурганча қандайдир қўшиқни хиргойи қилган кўйи кўзланган манзил томон кетиб борарди.
Оғзининг таноби қочган, кайфи таранг, чўнтакдаги тишларни тез-тез текшириб, совуқ тиржаяди…
Уйига яқин қолганда, узоқдан милиция машинасига кўзи тушди.
Машина ёнбошида икки милиционер сигарет чекиб турарди.
«Ярамаслар-ей, — ўйлади Тилаволди афтини бужмайтириб. — Сенлар етмай турувдинг. Келиб-келиб уйимнинг рўпарасида тургани-чи!.. Навбатчиликни бошқа ёқда қилсанг ўласанми, ифлослар?..»
Тилаволди милиционерларни четлаб ўтмоқчи бўлди. Бироқ беихтиёр туртиниб кетди-ю, улар бараварига ҳушёр тортиб олдинга юришди.
Юраги ғашланган Тилаволди ўйламай-нетмай қочишга тушди.
Мана шу иши панд берди. Милиционерлар ундан-да чопқирроқ чиқиб қолди.
Икки ҳатлаб Тилаволдига етиб олишди.
— Ие, бу ўзимизнинг Тилаволди-ку! — деди милиционерлардан бири унинг елкасидан маҳкам ғижимлаб. — Нимага қочяпсан? Тағин бир кор-хол қилдингми, брат?..
— Й-йўқ, — дея олди Тилаволди чўнтагини кафтлари билан ёпиб. — Ҳеч нарса қилмадим, камандир!..
— Вей, Тоҳир ака, кайфи бор буни!.. Қани «куҳ» де-чи!..
Милиционерлар Тилаволдидан келаётган қора оғу ҳидини дарров илғашди.
Шу орада нуқул чўнтагини беркитавериши ҳам уларда шубҳа уйғотди.
— Ў, тишми манави, Тоҳир ака? — сўради паканароқ милиционер Тилаволдининг чўнтагидагиларни қўлига олиб. — Ҳа, тилла!..
Новчаси куч билан Тилаволдининг икки билагини сиқди.
— Бу тишлар кимники? — сўради у ғазаб билан. — Гапир!..
— Ў-ўзимники… — деди тутилиб Тилаволди. — Ўзимники, ҳа!..
— Қани, оғзингни оч!..
Бахтга қарши, ўғрининг бу ҳийласи ўтмади. Тиббий текширувлар тишлар бошқа одамга тегишли эканини кўрсатиб берди…
Тергов жараёни ҳам узоққа чўзилмади. Тилаволди жиноятини тан олишга мажбур бўлди.
Суд уни узоқ муддатга озодликдан маҳрум этди. Manba: 24soat.com -Saytdan olindi. Ushbu ma'lumot http://hordiq.uz/ dan olindi! < ! > DO'STLARINGIZGA YUBORING:
Quyidagi yangiliklarni o'qing dod devorasiz:
2222222
|