Кунига 25 финжондан кўпроқ қаҳва ичадиганлар ҳам юрагидан хавотир олмаса бўлади дейишмоқда олимлар.
Аввал ўтказилган айрим тадқиқотлар қаҳва артериал қон томирлар деворини қотириши, юракка кўпроқ босим тушиши, инфаркт ва инсулт хавфини оширишини кўрсатган эди.
Аммо кунига 5 финжондан кўпроқ, ҳатто 25 финжон қаҳва ичувчи 8 мингдан ортиқ британиялик ўрганилган. Уларнинг юраги кунига бир финжон қаҳва ичувчиларникидан ёмон эмаслиги аниқланган.
Тадқиқот "Британия юрак фонди” томонидан ташкиллаштирилган ва натижалари Британия юрак-қон томир жамиятига Манчестерда ўтган конференцияда тақдим қилинган.
Лондоннинг Қиролича Мария университети мутахассислари тадқиқот учун уч гуруҳга ажратилган 8412 кишини саралаб олишган.
Биринчи гуруҳга кунига бир финжондан оз қаҳва ичувчилар кирган. Иккинчи гуруҳга кунига бир-уч финжон, учинчи гуруҳга эса уч финжондан кўп ичувчилар киритилган. Учинчи гуруҳда ҳатто кунига 25 финжондан кўп қаҳва ичувчилар бўлган.
Тадқиқотчилар энг кўп қаҳва ичувчиларнинг артериал қон томири девори қаттиқлашиши эҳтимоли кам ичувчиларникидан кўп эмаслигини аниқлашган.
Барча қатнашчиларнинг юраклари МРТ қилинган. Текширувларда қатнашчиларнинг вазни, ёши ва тамаки чекиш-чекмаслиги ҳам ҳисобга олинган.
Қиролича Мария университетидан доктор Кеннет Фангнинг айтишича, "Қаҳва ичиш ҳар қанча оммалашган бўлмасин, тадқиқотларнинг турлича хулоса бериши айрим одамларнинг қаҳва лаззатидан мосуво бўлишига сабаб бўлиши мумкин”.
"Ҳозирча биз сабабий алоқани аниқламадик, аммо тадқиқотимиз қаҳва артериялар учун аввалги тадқиқотлар хулосаларида айтилганидек хавфли эмаслигини кўрсатди”, – дейди у.