Ҳа, 51- ҳудуд ўта махфий дея тан олинган. Дунё харитасига ҳам киритилмаган. Аммо бу ерда қандай ҳодисалар содир бўлишини кўрсангиз, эшитсангиз, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Гувоҳларнинг гапига қараганда, 51- ҳудудда ўзга сайёраликларнинг жасадлари бор. Бу ҳудудга ҳеч ким яқинлаша олмайди. Ҳудуд ҳарбийлар тарафидан қўриқланади. 51- ҳудуд жойлашган жойда аҳоли яшаш пунктлари ҳам йўқ.
Уфологларнинг айтишича, бу ерда махфий тадқиқотлар олиб борилади. Лекин ер усти эмас, аксинча ер остида. Бош корпуснинг ўзи 14 та босқичдан иборат. Шу босқичлар ҳақида ҳам турли афсоналар тўқилган. Баъзиларнинг гувоҳлик беришига кўра, ҳудудда худди ўзга сайёраликларникига ўхшаш учар ликопчалар ишлаб чиқарилармиш.
Бу махфий база 1955 йили тоғлар ён бағрида бунёд этилган. База фаолиятига на журналистлар, на маҳаллий аҳоли вакиллари халал бера олади. Базага яқин боришнинг ўзи ҳаёт учун хавфли.
Америкалик олим Лазар худди шу ҳудудда ишлаган экан. Дунё аҳли бу олимдан ҳам ҳудуд фаолиятига оид кўплаб сирларни эшитишга эришган. Лазарнинг айтишича, уни бу ерга ойналари қорайтириб ташланган машинада олиб келишган. Шунинг учун атрофни кузатишга имкон топа олмаган. Лазар лабораторияда фаолият юритган. Лабораторияга кириш учун ҳам тўққизта дарвозадан ўтиларди. Унинг қўлига юзга яқин материаллар, суратларга тўла жилдларни тутқазишган. Жилдларда махфий технология ҳақидаги маълумотлар, шу мавзудаги суратлар зоҳир эди.
Олим лабораторияда ўзга сайёраликларнинг ҳаракатланишига оид тадқиқотларни олиб борган. Шу ерда ўзга сайёраликлар гравитация кучи ёрдамида ҳаракатланишига амин бўлди.
Яна бир олим Юхэус эди. У Америка учувчилари учун учар тарелкаларда парвозни таъминловчи машғулот ускуналари яратиш билан шуғулланди. Яна бир гувоҳ Ханесси исмли мутахассис гапига кўра, 51- ҳудуднинг пастки қаватларига кириш мумкин эди. Лекин кирувчи одамнинг қўлида магнитли карточка бўлиши шарт эди. Кираётганда кўз суратлари автомат тарзда олиб қолинарди. Америка разведка бошқармаси вакилларидан бири Роуз яна бир ҳайратланарли маълумотни айтиб ўтганди. Унинг айтишига қараганда, Америка ҳукумати ўзга сайёраликлар билан ўзаро келишувга эришган. Бу ўтган асрнинг 40- йилларида содир бўлган. Келишувга биноан Америка тарафи ўзга сайёраликлар жойлашган манзилни сир тутади, улар 51- ҳудудда бемалол ўз фаолиятини давом эттираверади. Ердаги ишларга умуман аралашмайди.
Бахтга қарши ўзга сайёраликлар келишувга хиёнат қилишди. Одамлар устида турли илмий синовлар олиб бора бошлашди. Америкаликлар уларга қарши ҳеч қандай ҳаракат содир эта олишмади.
Кейинги пайтларда бу ҳудудни қатъий сир тутишнинг имкони бўлмаяпти. Гарчи Америка президентлари 51- ҳудудни сир тутиш зарурлигини қайта-қайта таъкидласа-да, қизиқувчилар сони ортса ортмоқдаки, камаймаяпти.